ЯХШИЛАР МАКОНИ БУ ДИЁР
Ватаним, ушбу кун шижоат қайнаган юракларда янада ёрқин келажак тасвири жиловланиб турибди.
Меҳри гулбаҳорим, гўзал диёрим – Ўзбекистоним, 26 ёшинг муборак бўлсин!
Тонг ёришиб, кўчага чиққанимизда турли инсонларни учратамиз. Қўшни келин кўчага сув сепиб, супурмоқда. Кимдир набирасини боғчага олиб кетяпти. Болалар эса мактаб томон ошиқмоқда. Кимдир шаҳарга, кимдир яқинларидан хабар олгани шошилиб-шошилиб йўл юрмоқда. Бахтиёр бу манзарани “Тинчлик” деб номлагимиз келади.
Кўкка боқаман, осмон мусаффо, оппоқ булутлар сузиб юрибди. Ана шу тинчлик манзараси юртимизни сира тарк этмасин, илойим. Кўзларимда севинч ёши, қалбимда фахр ҳисси билан хаёлан тарих кўчаларида кезиб юрибман. Не-не зотлар ўтди бу макондан. Улар ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр тупроқни, боболар хоки бор ҳар бир майсани жон қадар ардоқлайман. Момоларим нафаси бор деб, ҳар бир бинога, иморатга қалбим билан назар ташлайман.
Ўзбегим! Саховати қуёшдек беминнат, ғурури сервиқор, меҳру вафоси ўлчанмас халқим! Сенинг минг йиллик тарихинг, бебаҳо ёдгорликларинг, қадимий ва навқирон шаҳарларинг, илмга чанқоқ ёшларинг, такрорланмас урф-одатларинг, мардлигингу тинчлигинг тилларда достон!
Ўзбегим ғурури! Ватан учун, эл учун жон олиб, жон берганлар юрагидасан. Мағрур фарзандларинг Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдулла Қодирийларнинг жонини фидо этиш эвазига дунёга келдинг. Йиллар ўтди, дарё ўз ўзанини топди. Гўёки мағрур инсонлар ўз ўрнини, ўз маконини топгандек. Биринчи Президентимиз саъй-ҳаракати, катта жонбозлиги туфайли юртимизда ҳурлик шамоллари эсди. Ўзлигимиз, қадру қимматимиз, олтин тарихимиз тикланди.
Биз она-Ватанимиз ҳақида ўйлар эканмиз, қалбимиз тубида, аввало, шукроналик туйғуси уйғонади. Инсон учун онаси берган оқ сутни оқлаш қанчалик фарз бўлса, ўз халқи олдидаги қарзни узиш, унга ҳалол хизмат қилиш, керак бўлганда унинг шаъни-шарафи, ор-номуси учун жонини қурбон қилиш ҳам шунчалик фарздир. Яхшини ҳам, ёмонни ҳам бирдек суйган Ватаним, сенга фидо менинг жону таним.
Муборак тўйларинг…
Муборак тўйларинг, муборак кунинг,
Тонглари руҳафзо, мусаффо осмон.
Кўз тегмасин шамшод қаддингга сенинг,
Бағри нурга тўла, ҳур Ўзбекистон!
Авлодлар бахтига ўзинг чиздинг йўл,
Бағрим чаманзору кўнглим боғ-бўстон.
Оташ меҳринг ила узатдинг-ку қўл,
Қалбимга сен оташ, нур Ўзбекистон!
Осуда турмушга садқа бу жоним,
Жамолинг жилваси элларда достон.
Дарёлар мавжидек оқмоқда қоним,
Жаннатмакон диёр, дур Ўзбекистон!
Дилрабо ЮСУПОВА,
Наманган шаҳридаги 1-тиббиёт коллежи она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, “Халқ таълими аълочиси”.

