МУКАРРАМ ЗОТ
Аёл ўз умри давомида ўрни ва вазифаси нуқтаи назаридан бир неча мақомларда бўлади. Жумладан, у Аллоҳ инъом этган суюкли фарзанд, оиладек масъулиятли қўрғонга бека, эркак киши учун солиҳа аёл, фарзандлари учун меҳрибон она ёки кимнингдир опа-синглиси бўлиб яшайди.
Расулуллоҳ (САВ): «Кимнинг 3 та қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбиялаб катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир», -дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ! Унинг қизи 2 та бўлса-чи?» -деб сўради. У Зот (САВ): «2 та бўлса ҳам», -дедилар.
Бу билан мусулмон кишининг қиз фарзанд ўстириши, катта қилиши орқали қанчалар шарафга эга бўлиниши эътироф этилмоқда.
Динимиз таълимоти эркакларга ўз аёллари билан хушмуомала бўлиб ҳаёт кечиришни буюради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ)дан ривоят қилинади: «Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман» (Имом Термизий ривояти).
Бугунги кунда оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлими, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларига жон куйдирмоқдалар.
Ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми аёллар зиммасига тушади. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни улар ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг баркамол бўлиши аёлларнинг ҳар жиҳаттан етук бўлишига боғлиқдир. Бежиз ҳикматларда: «Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор», дейилмаган.
Юртимизда ҳам аёлларнинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлишлари, меҳнат ва касб-ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё. Аёллар эҳтироми учун алоҳида саналар: «Оила йили», «Аёллар йили» каби йил номлари, кўп болали аёлларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши, ҳар йили 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида дам олиш куни деб эълон қилиниши ва ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида имтиёзлар берилаётгани, динимизда улуғланган аёлларга муносиб эҳтиромдир. Шундай экан, аёлларимиз фақатгина байрамларда эмас, доимо эҳтиромдадирлар, улар онамиз, синглимиз, турмуш ўртоғимиз, меҳрибон қизимиздирлар.
Мамлакатимизнинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан, Яратган уларни ўз ҳифзи ҳимоясида сақлаб, бахтли ҳаётни насиб қилсин.
Олимхон ИСОҚОВ,
туман бош имом хатиби.

