КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИ ШАКЛЛАНСА…
Бугунги глобаллашув замони, тан олиш керакки, одамзотни бироз дангаса қилиб қўйди. Фан-техника жадаллашуви, ахборот оқимининг шиддати инсонни шошириб, баъзи ўринларда чарчатиб ҳам қўяди. Мана шундай пайтда маданий ҳордиқ кўнгилга малҳам бўлади. Бунда китоб мутолаасидан-да афзалроқ юмуш топилмайди. Ҳозирда китоб мутолаа қилиш ўтган асрдагига нисбатан сезиларли даражада пасайган.
Китоб мутолаасига қизиқиш катта авлод вакиллари орасида сақланиб қолган. Ёш авлод бугунги кунда чет тиллари ва ахборот технологиялари билан кўп вақт машғул бўлиб қоляпти, бу албатта, яхши, лекин бадиий адабиётларни ҳам ўқиш шаклланиб бораётган ёш авлодларни янада кенгроқ ва мулоҳазали фикрлашга ўргатади.
Китоб оламида руҳиятга алоқадор китоблар бозори чаққон бўлади. Ўқувчи бадиий ёки агар шундай аташ имкони бўлса, руҳий асарни мутолаа қилганда асардаги воқеаларни қалбида ҳис эта олса, кўз ўнгида гавдалантира олсагина асарни ўқиш мураккаблик туғдирмайди. Ҳар биримизда икки дунё мужассам – ақл ва юрак. Кўпинча иккиси зиддиятда. Тўғрироғи, ақл қалбга қарши чиқиб қолади. Қалб ўз-ўзича мукаммал дунё. У зиддиятга боришни, хафа бўлишни, ғазабланишни, ёмон кўришни билмайди. У фақат севишни, эзгуликка интилишни билади. Бироқ ақл нуқсонлардан ҳоли эмас. У ғаразгўй, манфаатпараст, калтабин бўлиши ҳам мумкин. Афсуски, қалб ва ақл баҳсида кўпинча ақл устун келади.
Инсон мураккаб мавжудот, ўзини-ўзи англай олмай қолган вазиятлар ҳеч биримизга бегона эмас. Ўзликни англаш орқали ҳар биримиз оламни англашга эришишимиз мумкин. Бадиий асарлар ана шундай ҳолатда, ўқувчи билан бир вужудга айланиб кетсагина унга бўлган қизиқиш ортади. Ўқувчини китоб мутолаасига қизиқтириш ота-она билан бир қаторда ўқитувчининг ҳам зиммасига тушади. Ўқитувчилар ўқувчини китоб мутолаасига қизиқтириш учун тавсия этилган китобнинг энг қизиқ эътиборга молик жиҳатини қисқача айтиб беради, натижада, ўқувчида асарга бўлган қизиқиш уйғонади. Ўқувчини китобни излашга, воқеалар ривожини билишга интилтиради. Китоб излаш мобайнида бошқа асарларни ҳам учратиб, қизиқиб қолиши турган гап.
Хулоса қилиб айтганда, китобга меҳр қўйган ҳар қандай ўқувчи кўнгли истаган, излаган асарни эринмай, меҳр билан ўқиб чиқади ва унинг ақли бирла қалби ҳам эзгуликка ҳамоҳанг бўлади. Бизнинг 29-мактабда ҳам китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида 8-синфлар ўртасида «Алишер Навоийни англаш комиллик белгиси» номли китобхонлик кечаси уюштирилди. Бу танловда ўқувчилар фаол иштирок этишди. Танловда 8-«В» синф ўқувчиси Наргиза Юсупова ғолиб бўлиб, мактаб маъмуриятининг эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Моҳинбону ИБРОҲИМОВА,
НамДУ 1-босқич кимё йўналиши магистранти,
Меҳринисо АРИПОВА,
29-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

