ЖАМОАТЧИЛИК ЭШИТУВИ
Давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш жамоатчилик эшитувидир.
Жамоатчилик эшитувини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари ўтказиши мумкин.
Жамоатчилик эшитуви турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари, шу жумладан, муҳокама этилаётган масала ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ёки дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахслар иштирокида ўтказилиши мумкин.
Жамоатчилик эшитуви оммавий ва очиқ ўтказилади. Жамоатчилик эшитувининг иштирокчилари жамоатчилик эшитувига киритилган масалалар юзасидан ўз фикрини эркин билдиришга ва таклифлар киритишга ҳақли.
Жамоатчилик эшитувининг ташкилотчиси жамоатчилик эшитувига киритилаётган масалалар, эшитувни ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисидаги ахборотни олдиндан эълон қилади. Бунда ташкилотчи ўз ихтиёридаги, жамоатчилик эшитувига киритилаётган масалаларга тааллуқли бўлган материаллардан жамоатчилик эшитувининг барча иштирокчилари эркин фойдаланишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунидан.

