ХАВОТИРИМ АРИДИ

1999 йили диний экстремистик оқимларга хайрхоҳлар рўйхатига тушиб қолгандим. Мана, шунга ҳам ўн саккиз йил бўлибди. Бир неча бор «қора рўйхат»дан чиқаришларини сўраб, профилактика инспекторларига мурожаат қилганман. Лекин… Вақт ўтган сари мени бир нарса хавотирга соларди. Ёшим элликка қараб кетаётган бўлса. Наҳотки, ушбу тамға билан бу дунёдан ўтиб кетсам?

Хайриятки, шунча йиллик изтиробларим ортда қолди, менга ҳам кўплаб юртдошларимиз қатори имконият яратиб берилди. Мустақиллигимизнинг 26 йиллик қутлуғ тўйи менга, оиламга, қариндошларимга қўшалоқ қувонч бағишлади. Шундай шукуҳли кунларда мен ва укаларим – Меҳрикулол, Ҳилолиддин, Сайидваққос ДЭОХ рўйхатидан чиқарилдик. Бунинг учун Президентимизга, давлатимизга раҳмат. Жуда миннатдормиз. Бағрикенглик, кечиримлилик, инсонпарварлик қарор топган юртимиздан кўплаб давлатлар ўрнак олса арзийди. Бундан буёғига ҳам эл корига яраб, озми-кўпми ҳалол меҳнатимиз билан билдирилган юксак ишончни оқлаймиз.

Камолиддин ШАҲОБИДДИНОВ,

Бўстон маҳалласида яшовчи фуқаро.