«БАРКАС ТЕКС» МЧЖ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ
Корхонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Иномов сўзга чиқди ва Уйчи туманини 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш инвестиция дастурига мувофиқ мазкур жамиятнинг «Ип калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш» лойиҳаси инвестиция дастурига киритилгани ва муваффақиятли амалга оширилаётгани билан табриклади.
2021-2022 йилларда қайта модернизация қилиш учун корхона томонидан 63,0 млрд. сўм, ташаббускорнинг ўз маблағи ҳисобидан Германия ва Туркия давлатларидан янги 5,5 млн. долларлик замонавий пахта толасидан ип йигириш дастгоҳ-ускуналари олиб келиниб ўрнатилди. Натижада тумандаги 300 нафар ишсиз ёшлар ва аёллар иш билан таъминланди.
Ушбу корхона йилига 15 минг тонна пахтани қайта ишлайди ва 6,2 минг тонна момиқ сочиқлар ишлаб чиқаради. Бу эса Уйчи туманини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришга, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўсишини таъминлашга, аҳолининг турмуш даражаси ортишига хизмат қилади.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 70 фоизи, яъни 10,0 млн. долларлик тайёр маҳсулотлар Хитой ва Туркия давлатларига экспорт қилинади.
Маросимда туман ҳокими Ш.Мусаев ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этдилар.
Улуғбек МАҲКАМОВ,
туман Кенгаши депутати.

