ЯНГИЧА ЁНДАШУВ БИЛАН
Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори коньюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш, рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш орқали мавжуд қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси мазмуни қуйидагича ўзгартирилди: «Шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш – уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар:
а) моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан;
б) вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса – етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади»,-деб белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, ушбу моддани узвий тўлдириб турувчи «1031-модда. Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш –
Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш, яъни кўндириш, алдаш ёки бошқа йўл билан ўзга шахсда ўзини ўзи ўлдириш ҳиссини уйғотиш, агар шахс ўзини ўзи ўлдирган ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилган бўлса – икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса – беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади» моддаси билан тўлдирилди.
Инсон учун бир марта бериладиган яшаш ҳуқуқини маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бунинг акси бўлса, албатта, жиноятга жазо муқаррар.
Алимардон ҲАКИМОВ,
тумандаги 2-сонли нотариал идорасининг стажёр нотариуси.

