ҚАНДАЙ СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ДАРҲОЛ ИЖРО ЭТИЛИШИ ЛОЗИМ

Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 258-II сонли «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни билан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тартиб-тамойиллари белгилаб берилган.

Ушбу Қонун талаблари ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 24 ноябрь куни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6118-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ижро ҳаракатлари ихтиёрий ижро этиш муддати тугагандан бошлаб, 2 ой ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши керак. Ижро ҳужжатларининг қуйидаги талаблари дарҳол ижро этилади:

-алиментлар ҳамда 3 ойгача бўлган иш ҳақини ундириш тўғрисидаги талаблар;

-ғайриқонуний меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки бошқа ишга ўтказилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосини ўзгартириш тўғрисидаги талаблар;

-ижро ҳужжатида назарда тутилган бошқа талаблар.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат (ўн беш кун) тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида суд ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак:

-умумий юрисдикция судларининг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари уч йил мобайнида, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатлари эса – 6 ой мобайнида;

-ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари – 6 ой мобайнида;

-нотариусларнинг ижро хатлари – 3 йил мобайнида;

-меҳнат низолари комиссиялари-нинг гувоҳномалари – 3 ой мобай-нида;

-ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари – 3 ой мобайнида ижро этилади.

Ижро ҳужжати уни тўлиқ ёки қисман ижро этишнинг имконияти йўқлиги сабабли ундирувчига қайтарилган тақдирда, уни ижрога топшириш муддати узилгандан кейин ижро ҳужжати ундирувчига қайтарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Юқоридаги қайд қилинган суд ҳужжатларини ижро этиш тартиб-тамойиллари ҳар бир фуқаро ва корхона, ташкилот учун мажбурий бўлиб, ушбу қонун талабларига риоя этиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

А.ДЕҲҚОНОВ,

туман юридик хизматлари кўрсатиш маркази бошлиғи.