ТАРИХИМИЗ КЎЗГУСИ

Архив ҳужжатларида тарихимиз акс этади. Мустақиллик йилларида архив соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор қонунлар, қарорлар қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарорига асосан «Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида» Низом ишлаб чиқилган. Мазкур Низом  «Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва архив ҳужжатларини жамлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, бут сақланишини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилайди.

Ушбу Низом давлат ва нодавлат архивларига, шунингдек, идоравий архивларга татбиқ этилган. Архивларга ташкилотлардан ҳужжатларни қабул қилиш архив ва ташкилот раҳбари имзолаган режа-жадвалга мувофиқ ҳамда архивларда сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиш улар тегишли ЭТК томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича тартибга келтирилгандан сўнг амалга оширилади. Ҳужжатларни сақловга қабул қилишда ҳужжатларнинг мавжудлиги, физик ҳолати ва илмий-техникавий ишлов бериш сифати текшириб олинади.

Архивларга архив ҳужжатларини сақлаш учун қабул қилиб олиш топшириш – қабул қилиб олиш далолатномаси асосида амалга оширилади. Далолатнома икки нусхада тузилиб, бир нусхаси жамлаш манбаига қайтариб берилади.

10 йилдан кам сақланадиган ҳужжатларни ташкилотнинг таркибий бўлинмаларида сақлашга йўл қўйилади. Мазкур йиғма жилдлар идоравий архивга ташкилот раҳбарининг қарори бўйича топширилади.

Архив ҳужжатлари тарихимиз кўзгуси экан, уларни асраб-авайлашимиз, келажак авлодга етказишимиз зарур.

Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахсларга қулайлик яратиш ва сарсонгарчиликларнинг олдини олиш мақсадида шахсий таркиб ҳужжатларининг электрон базасини яратиш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, фуқаролар ўзларининг иш фаолиятлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ҳамда Наманган вилоят Архив иши ҳудудий бошқармасининг arxiv.uz веб-сайтидан маълумот олишлари мумкин.

Мухтасар АБДУЛЛАЕВА,

туман давлат архиви директори.