МАҲАЛЛАДАГИ ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛИНИНГ ИШ ҲАҚИ БЕЛГИЛАНДИ

Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-146-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди.

Қарорга кўра, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади.

Ушбу лавозимга оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодлар тайинланади.

2022 йил 1 майдан маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:

-хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари (2 млн. 877 минг сўм) миқдорида;

-хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари (3 млн. 288 минг сўм) миқдорида;

-хонадонлар сони 1000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари (3 млн. 699 минг сўм) миқдорида.

2022 йил 1 августгача маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари «Аёллар дафтари»ни юритиш, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференцалоқа шаклида йиғилишларда қатнашиш имконини берувчи планшетлар билан таъминланади.

Қарор билан шунингдек, Бош прокуратура тузилмасида Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилди.

Баҳодир ҚОДИРОВ,

туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.