НОМИНГ ЎЧСИН, УРУШ!

Мана, бир неча кундирки, дунё аҳлининг нигоҳи Россия ва Украинада: «Уруш бошланиб кетмаса эди», -деган хавотиримиз ўринли бўлиб чиқди. Телеканаллар, телеграм тармоқлари уруш олови ёқилгани ҳақидаги хабарларни тўхтовсиз тарқат-моқда. Турнақатор ҳарбий машиналар, портлашлар оқибатида ертўлада жон сақлаётганлар, қадрдон уйлари, ватанларини ташлаб, тинч гўша қидириб, чегарада сарсон юрганлар…

Уруш, ўз номи билан уруш. Ҳарбий ҳаракатлар бўлиб ўтаётган жойларда маҳаллий аҳоли бор. Қалбингизни ларзага солаётган нарса, ўша жойлардаги оналарнинг ташвишли нигоҳлари.

Она!

Улар учун энг ёмон азоб умрини бахшида этиб, келажагига кўз тиккан фарзандидан айрилиш. Шу кунгача қанча инсон қурбон бўлган бўлса, шунча онанинг бағри оловларда ёнди.

Уларга ҳамдардмиз.

Етим қолаётган болалар тақдиричи?

Иккинчи жаҳон урушининг фожиали оқибатлари хали-ҳануз унут бўлгани йўқ. Урушга кетган ўғиллари, эрини кутиб йилларни қаритган  аёллар, ота дийдорига зор ўтган болалар.

Уруш кимга керак, ким ундан манфаатдор?

Бир талай дунёпараст, ерпарастларми, ёки нокас устамон қуролфурушлар? Улар нафақат инсон, табиат қотили, балки тарихий ва замонавий бинолар кушандаси ҳамдир.

Уруш бошланди.

Яра газак олмай туриб, уруш олови ўзга юртларга илашмай туриб, фарзандидан айрилган оналар сафи кенгаймай туриб урушга қарши чиқайлик.

Хассос шоирамиз Зулфияхонимнинг шундай сатрлари бор.

Она қалби оёққа турса,

Ўғлим, сира бўлмайди уруш.

Биз урушга қаршимиз,

Номинг ўчсин уруш!

Уларни отишди, тонг палласида,

Отасин қўлини ушлаган гўдак.

Милтиқларга қараб, секин сўради,

Сўради: «Ўқ тегса, оғрирми, дада?»

Унинг овозини босди гулдирак…

Баҳорда жарликни қоплар ўт-ўлан.

Ўтлар узра сузиб ўтар оқ булут,

Ва шунда бир чечак аччиқ дард билан.

Тинмасдан шивирлар: «Оғриркан дада!»

Бу нола ҳеч қачон бўлмайди, унут.

Кимё РАСУЛОВА.