«САНЪАТДА ЎЗ ЎРНИМ БЎЛСА…»
Ёш хонанда Бекзод МАЛИКОВ:
Суҳбатдош ҳақида:
У 1991 йил 12 январда Уйчи шаҳарчасида туғилган. 2013 йили Наманган муҳандислик педагогика институтининг электр энергетика факультетини тамомлаган. 2011 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ниҳол» мукофоти танлови, 2013 йили «Ягонасан, муқаддас Ватан!» танловининг вилоят босқичи ғолиби.
-Бекзод, Сиз санъаткорлар оиласида камол топгансиз, дастлаб шу ҳақда тўхталсангиз?
-Сулоламиз ҳақида гап кетганда, аввало, бобом Маликжон Шамсиддинов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) номларини эҳтиром билан тилга оламан. Бобомнинг номини нафақат вилоятда, Республикада ҳам кўпчилик яхши танийди. Улар Тошкентдаги Муқимий театрида хонанда, ҳозирги НамДУ (собиқ институт)да инглиз тили фани ўқитувчиси бўлганлар. Мақом қўшиқларини маромига етказиб ижро этганлар.
Отам Ривожиддин Шамсиддинов туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандаси, «Ўзбекистон – Ватаним маним» республика кўрик-танловининг совриндори.
-Оилада яна Сиз каби санъат йўлини танлаганлар борми?
-Очиғи, қўшиқ айтмайдиган киши борми, десангиз тўғрироқ бўларди. Тоға, аммаларим, набиралар тўплансак, қўшиқ айтиш навбати етмай қолади.
-Санъатга кириб келишингизда бобонгизнинг таъсири кўпроқ бўлса керак?
-У киши ижросидаги «Фарғона тонг отгунча», «Найлайин», «Феруз», «Самарқанд ушшоғи», «Дугоҳ» қўшиқларини эшитиб, катта бўлганман. Олти ёшимдан бошлаб саҳнадаман. 6-мактабда ўқиган пайтим бирор тадбир менсиз ўтмасди.
-Унда нега энергетика соҳасида ўқигансиз?
-Отам қаршилик қилиб, санъаткор бўлишимни истамаганлар. Бу соҳа оғир, сен қийналмагин, дея кўп мени бу йўлдан қайтармоқчи бўлганлар. Лекин мен қўшиқ айтмасам туролмайман.
-Репертуарингизда ўз қўшиқларингиз камроқ?
-Отам ижро этган ва куй басталаган «Ўзбекнинг ҳовлиси», «Намангоним қизлари» қўшиқларини куйлаш билан санъатга кириб келдим. «Етолмас», «Қизлар», «Ватанимни куйлайман» каби ўз қўшиқларим бор. Айримлари теле ва радиоканаллар орқали эфирга кетган. Изланишда давом этяпман. Шоирлардан Азим Суюн, Рислиғой Ҳотамова, Аҳад Қаюм ижодларини кузатиб бораман. Кўпроқ Ватан, муҳаббат мавзусидаги қўшиқларни куйласам, дейман.
-Кимларнинг ижодига ҳавас қиласиз?
-Камолиддин Раҳматов, Ботир Қодиров, Аҳрор Усмонов.
-Орзуингиз?
-Эл таниган санъаткорлар йўлидан борсам. Санъатда ўз ўрним бўлса.
-Қайси тилларда қўшиқ куйлагансиз?
-Озарбайжонча, туркча, рус тилида.
-Нимадан қўрқасиз?
-Яқин инсонларимни йўқотишдан.
-Омадлимисиз?
-Ҳа, консерваторияга ўқишга кирмоқчи бўлганимда дадам энергетика соҳасини танлашимни айтганлар. Буни қарангки, мактабда яхши ўқиганим учун грант асосида 1-ўринда ўқишга кирганман.
Ҳар куни эрталаб Яратгандан яхши ният билан нимаики сўраган бўлсам, ҳаммасига етяпман. Қандай ютуққа эришган бўлсам, барчаси ўз меҳнатим билан.
-Ўқитувчилик машаққатли касб…
-Шарафли томонлари ҳам кўп. Ҳар бир болага меҳринг тушиб қолар экан. Айни вақтда Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида электрон энергетика фанидан дарс бераман. 3-босқичдаги 26 нафар ўқувчига ўқув амалиёт раҳбариман. Муҳими, уларнинг ҳаммасида бу касбга қизиқиш бор.
-Алданганмисиз?
-Ҳа, ишонувчанлигимдан кўп панд еганман. Кўпроқ тўйларда. Ҳаёт ўзи тарбиялаб қўяр экан.
-Танқидга муносабатингиз?
-Танқидни тўғри қабул қилиб, хатоларимни такрорламасликка интиламан. Айниқса, қўшиқчиликда.
-Исмингиз нега икки хил?
-Кўпчилик Шерзод деб ўрганиб қолган. Асли исмим Бекзод. Талаффузда бу исмнинг маъноси ўзгариб кетади, дейишса-да, менга ўз исмим ёқади.
-Қизиқишларингиз?
-Волейбол, шашка, мақом қўшиқларини эшитиш.
-Оила қуриш фурсати етмадими?
-Ўз орзуимдаги ва мени тушуна оладиган умр йўлдошим бўлишини истардим. Ҳозирча учрата олмадим.
-Тилакларингиз?
-Юртимиз, оилаларимиз тинч ва фаровон бўлсин. Йилимиз баракали ва файзли келсин. Ҳамма соҳада туманимиз олд ўринларда юрсин. Тўйлар, тантаналар кўп бўлсин. Биз, санъаткорлар эл хизматидан чарчамайлик.
Муҳаммад АЛИ суҳбатлашди.

