БОЛАЛАРГА БАХТ БЕРИНГ

Оила. Бу сўз ҳар бир шахс учун нақадар азиз ва муқаддас. Унинг замирида кўплаб тақдирлар туташ ва якдил. Миллий қадрият, анъана, урф-одатларимизга кўра, ўзбекчиликда энг масъулиятли, ор-номусли мустаҳкам қўрғон саналади.
Қадим-қадимлардан то ҳозиргача халқимиз эъзозлаб келаётган оилавий муносабатларга бугун бироз дарз кетаётгандек назаримизда. Кейинги пайтларда кўпчилик учун оила қуриш, ажрашиш (номини айтиш ҳам оғир, ҳам уятли), «қўшхотинлик» оддий ҳолга айланиб боряпти.
Хўш, бунга сабаб нима? Тўқликка шўхликми? Ўзи бўларчиликми? Ёки…
Дўппини бошдан олиб, ўйлаб кўрилса, яқин ўтмишимизда ҳам «Фалончининг қизи ажрашибди», «Уйи(ота-онасиники)га қайтибди», «Аразлашиб қолибди», -деган сўзларнинг айтиш ва эшитиш жуда оғриқли бўлган. Бундай ҳолларда, айниқса, катталар (оила бошлари) кўчага чиқишга, қўни-қўшнига кўринишга уялишарди, ор қили-шарди. Икки ёшни яраштириш, панд-насиҳатлар қилиш нуронийларга юклатилган. Ҳозирчи, ё ёшлар кексалар ўгитига қулоқ солишмаяпти ёки ота-оналарнинг ўзи икки ёшнинг ўртасига нифоқ уруғини экяпти.
Яқинда Наманган шаҳрига кетаётиб, автобусда ногаҳон икки аёлнинг суҳбати қулоғимга чалинди:
-Қизимга айтдим: «Эринг билан ажраш. Иккита боланг бор. Алиментини ундирамиз. Ўзинг катта қилиб оласан».
-Тўғри айтибсиз. Қўшнимиз ҳам қизини ажраштириб олди. Куёвини судга берибди. Катта ишда ишларкан. Энди алиментни ҳам катта олармиш.
Бу суҳбатга ортиқ тоқат қилолмай, бироз узоқлашдим. Ичимга олов ёқиб юборилгандай бўлди. Худо кўрсатмасин, ахир менинг ҳам оилам, бир нафар фарзандим бор…
Вилоят ҳокимининг шу йил 6 февралдаги «Наманган вилояти маҳаллаларида 2017 йил февраль-март ойларида «Яраштириш комиссияси ойлиги”ни ўтказиш тўғрисида»ги 55-сонли қарорининг тумандаги ижросини таъминлаш ҳақида» туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинди ва бу борада бир қатор ишлар йўлга қўйилди.
Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Насибахон Собировани суҳбатга тортганимизда, опа куюниб гапирди:
-Биласизми, арзимаган сабаб, баҳона ва бўҳтонлар нечалаб гулдек оилаларни, ёш норасидаларни меҳр, эътиборга зор қиляпти. Айниқса, «Бўлди, яшамайман, ажрашаман», -деб эр уйидан аразлаб келиб қолган келинлар орадан бироз вақт ўтиб, бизга ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, мурожаат этишади. Ўрганишлардан маълум бўлади-ки, ўзи аразлаб кетиб, оиласига (эрининг уйига) қайтишга хижолат тортиб турган бўлади ва биз баҳона секин кириб олади. Биргина 2016 йил давомида 132 та шундай аразлашиб қолган оиладан 68 тасини яраштиришга эришдик. Қолган 64 тасини ҳам ўз оиласига қайтариш йўлида иш олиб боряпмиз. Туман ҳокимлигида қабул кунларини ташкил этганмиз. Мақсадимиз – барча тинч, бахтли ҳаёт кечирсин.
Юқорида икки аёлнинг ажрим, алимент ҳақидаги бўлар-бўлмас сўзларини мисол келтирган эдим. Аёллар ҳам бироз ўйлаб кўришса бўларди. Ахир ўртада боланинг тақдири, орзу-умидлари, мақсади, энг муҳими, кўнгли чил-чил бўляпти-ку.
Наҳотки, ёшларнинг тақдири катталарни қизиқтирмаса? Кўнгли ўксик болани минг бора яхши тарбия қилинса ҳам синиқиб катта бўлишини билишмайдими ё?
Келинг, шундай гўзал, осойишта, имкониятларга бой жаннатмакон диёрда яшаётган эканмиз, бир-биримиздан меҳр-муҳаббат, эътиборимизни аямайлик. Зеро, фарзандларимиз усти бут, кўнгли ва қорни тўқ улғайишсин. Биздан озод ва обод Ватан, соғлом ва баркамол авлод қолсин. Ахир биз кимларнинг авлодимиз. Наслимизга доғ туширмайлик. Барчасини борида қадрлайлик. Вақт ҳам, бахт ҳам, умр ҳам ғанимат эмасми?
Аброр ТОШМАТОВ.