ДАФКУНДО ОММАЛАШМОҚДА

Дафкундо Ўрта Осиё якка кураш санъати бўлиб, унинг келиб чиқиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бухорода пайдо бўлган ушбу якка курашда бухоролик муштлашув санъати намояндалари «Нимтайёр», «Тайёр» ва муштлашув санъати намояндалари бошлиғи «Марди майдон» унвонларига эга бўлган. Миллий Дафкундо якка кураш ва жанг санъати тараққиёт маркази раиси Алибой Шодиев ушбу спорт турининг мамлакатимизда оммалашишига ҳисса қўшаётган фидойилардан.
-Бугун республикамизнинг Бухоро, Сурхондарё вилоятлари, Фарғона водийсида Дафкундо жуда тез оммалашди, -дейди Алибой Шодиев. -Ота-оналар, ёшларда бу спорт турига қизиқиш ошиб боряпти. Дафкундо фарзандларимизнинг руҳан соғлом, мустаҳкам иродали қилиб тарбияланишида катта аҳамиятга эга.
26 февраль куни Уйчи спорт коллежида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишлаб турнир ўтказилди. Бу турнир катта спорт байрамига айланиб кетди.
Турнирнинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, миллий Дафкундо якка кураш ва жанг санъати тараққиёт маркази раиси Алибой Шодиев, вилоят Кенгаши депутати Нафиса Мамасолиева сўзга чиқиб, ёшларнинг жисмонан ва руҳан соғлом камолга етишлари учун Биринчи Президентимиз томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида фахр билан гапирдилар. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари бир дақиқа сукут сақлаб, Биринчи Юртбошимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Давлатимиз мадҳияси жўр бўлиб куйланди.
Тадбир давомида турнир ташкилотчилари ва ҳомийларига, спортчи ёшларнинг ота-оналарига вилоят миллий Дафкундо якка кураш ва жанг санъати тараққиёт маркази(раиси Замира Комилова)нинг «Ташаккурнома»си, эсдалик совғалари топширилди.
Кечга қадар давом этган ушбу турнирда Бухоро, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсидан ташриф буюрган 3 ёшдан 35 ёшгача бўлган уч юзга яқин спортчи ўзаро баҳс юритди. Ғолибларга диплом ва медаллар тақдим этилди.
Муҳаммад АЛИ.