ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМНИНГ ЎТМИШИ ВА БУГУНГИ ҚИЁФАСИ
Дунё бўйича глобаллашув жараёни содир бўлаётган ҳозирги шароитда бир томондан инсониятнинг муштарак манфаатини кўзлаб, янгича ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатлар қарор топаётган бўлса, иккинчи томондан эса инсоният тор доирадаги манфаатлар бўлган диний ва миллий руҳдаги экстремизм, наркобизнес ва халқаро терроризм тушунчалари ва уларнинг мудҳиш ҳодисаларига дуч келмоқда.
Манбалар диний экстремизм ва терроризм каби ҳодисаларнинг илдизлари узоқ мозийга бориб тақалишидан далолат беради. Шундай бўлса-да, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугунгидек таҳдид солмаганини қайд этиш лозим. Зеро, ҳозирда диний экстремизм ва терроризм глобал характерга эга бўлиб, дунёнинг барча мамлакатлари ҳамда минтақаларига бирдек хавф солмоқда. Шундай экан, унинг олдини олиш, унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланганини эътироф этиш лозим. Мазкур йўналишда кишилик жамияти олдида бир қанча вазифалар долзарб бўлиб турибди.
Ушбу вазифаларга тўхталиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: «Ҳозирги кунда диний экстремизм мафкурасига, қўпорувчилик-террорчиликка қарши курашдаги асосий вазифа – аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар билан олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий ишларни изчил, чуқур ўйланган тизим асосида ташкил этиш ва уларнинг таъсирчанлигини кескин кучайтиришни бугун бошимиздан кечираётган ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда», -деб таъкидлагани бежиз эмас, албатта. Шу нуқтаи назардан қараганда, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тегишли тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида диний мутаассибликнинг асл моҳияти, тарихи, замонавий кўринишлари, ғоявий-ақидавий асосларини таҳлил қилиш устувор масалалардан бири саналади.
Аслида ислом ниқоби остидаги экстремистик ҳаракатлар тарихига эътибор берадиган бўлсак, уларнинг илдизлари халифа Али (РА) даврида пайдо бўлган. «Хорижийлар» (арабча – ажралиб чиққанлар, исёнчилар) диний сиёсий оқими фаолиятига бориб тақалишини кўриш мумкин. Хорижийлар ўзларини ҳақиқий мусулмон, сафларига қўшилмаганларни диндан қайтган, деб эълон қилган ҳолда, уларга қарши муросасиз кураш олиб борганлар.
IX аср охирида Ироқда юзага келган қарматийлар экстремистик ҳаракати эса ислом арконларини тан олмаган ҳолда, ҳаж амалини ҳам бидъат, будпарастлик деб эълон қилган эди. Ҳаракат ўз номини унинг асосчиси Хандон ибн ал-Ашъаснинг лақаби бўлган Қармат сўзидан олган бўлиб, унинг маъноси манбаларда турлича. «Калта оёқ» ёки «Қизил кўз» каби маъноларда ифодаланган. Қарматийлар ислом тарихида ўчмас доғ қолдирган жиноятларни содир этган. Улар Ҳаж мавсумларида карвонларга ҳужум уюштириб, босқинчилик билан шуғулланган. Хусусан, 930 йилда улар Маккага бостириб кириб, шаҳарни талон-торож қилганлар, бир неча минг ҳожи ва Макка аҳолисини қатл этиб, асирга олганлар. Каъбани вайрон қилиб, қора тошни иккига бўлиб, Баҳрайнга олиб кетганлар. Фақат 20 йилдан кейин катта тўлов эвазига у Маккага қайтариб берилган.
Бузғунчилик ва зўравонликка асосланган, эътиқодий бирликка таҳдид солган бундай оқимлар фаолияти ўз даври уламолари томонидан қаттиқ қораланиб, таъқиб қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мусулмонлар ўртасига зиддият уруғини сепадиган, ислом йўлида сиёсий ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга асосланган бу ғоялар XX асрда «Мусулмон биродарлар» каби радикал оқимларнинг шаклланишига замин яратди. Мазкур ҳаракатнинг аъзолари саналган фаластинлик Тақийиддин Набахоний (1909-1979) «Ҳизбут-таҳрир ал-исломий», мисрлик Шукрий Мустафо (1942-1976) ўтган асрнинг 1970 йилларида пайдо бўлган «Ат-Такфир вал-ҳижра» ташкилотларига асос солган бўлсалар, кейинчалик «Жиҳод амири» номини олган Умар Абдур-Раҳмон «Ал-Жамоа ал-исломия» ҳаракати, Муҳаммад Абдус-Салом Фараж эса «Жиҳод» ташкилотининг «раҳнамо»ларига айланганлар.
Шундай экан, бундай ташкилотлар тарихи, фаолият услублари ҳамда ғоявий асосларини илмий-танқидий нуқтаи назардан ўрганиш замонавий экстремизмнинг қиёфаси ва асл моҳиятини тушунишда муҳим илмий-назарий ва амалий аҳамият касб этади. Бундай оқимларга қарши муросасиз кураш ва террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган мутаассиб кучларнинг ислом динига мутлақо ёт, бегона эканини ҳар томонлама асослаш эса долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Ҳадияхон МАҲМУДЖОНОВА,
«Жўйбори Калон» ислом билим юрти талабаси.

