НАФОСАТ ТИЛСИМЛАРИ
Хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни масаласига тўхталар эканмиз, улар яратувчанлик ва ташаббускорликда нақадар улуғ ишларга қўл ураётганликларини ғурур ва ифтихор билан такрорламасдан иложимиз йўқ.
Аёл феъл-атворига хос чидам ва бардош, сабр ва қаноат, нафосат ва назокат уйғунлиги халқ хўжалиги, ижтимоий ҳаёт, илм-фан, санъат, спорт соҳаларида қўлга киритаётган ютуқларимизда ўз аксини топмоқда. Шу билан бир қаторда, аёл ота, ака-ука, умр йўлдош, ўғил тимсолида эркакларимизнинг мустаҳкам тиргаги, ишончли қўрғонини доим ҳис этиб яшашлари уларнинг бугунги куннинг энг бахтли инсонлари сифатида шукроналар айтишларига туртки бўлмоқда.
2017 йилни – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номланиши муносабати билан истиқлол берган имкониятлар кўмаги янада кенгайди. Айниқса, аёлларимиз, нафақат ўз муаммо ва камчиликлари, балки ижтимоий-иқтисодий масалаларда энг илғор ғояларини илгари суришлари учун шарт-шароит юзага келди.
Хотин-қизларимизнинг жамиятдаги нуфузи ва ролини оширишда туманимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугун аёлларимизнинг 12 нафари мактаб, 3 нафари коллеж директори, 42 нафари ташкилот, корхона, 16 нафари фермер хўжалиги раҳбари сифатида туманнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига, ҳуқуқий ва тиббий маданиятини оширишга муносиб улуш қўшиб келмоқдалар.
Улар орасида Саида Аҳмадалиева (туман халқ таълими МФМТТЭ бўлими услубчиси), Зулхумор Каримова (29-мактаб директори), Нафиса Мамасолиева (Уйчи спорт коллежи директори), Манзура Азизова (туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари), Ҳанифа Ғаниева (Қизил Ярим Ой жамияти туман бўлими раиси), Раънохон Усмонова (Овчибулоқ МФЙ маслаҳатчиси) кабилар ўз меҳнат фаолиятлари ва шахсий ҳаётда барчага ўрнак бўлиб келаётганликларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча хотин-қизларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман. Комиллик йўлидаги шижоатингиз асло сўнмасин, гулгун юзингизни бахт ва саодат оғушидаги кулги-табассум асло тарк этмасин, муҳтарама опа-сингиллар!
Насибахон СОБИРОВА, туман ҳокимининг ўринбо-сари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

