АҲМАДЖОН ОТАГА «ДАМАС», ЖАКБАРАЛИ ОТАГА УЙ КАЛИТИ ТОПШИРИЛДИ
Инсон – ҳаётнинг гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Айниқса, ўтганларни хотирлаш, азиз отахону онахонларнинг дуосини олмоқлик саодати ўзгача. Мана, бир неча йилдирки, мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни сифатида шарафланмоқда. Бу эса юртимиз фуқаролари, хусусан, уруш қатнашчиларининг қадр-қимматига қўйилган меҳр ҳайкалидир. Зеро, инсон азиз экан, уни муносиб эъзозламоқ йўлидаги бугунгидек саъй-ҳаракатлар ҳам эзгуликка хизмат қилади.
Президентимизнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида туманимизда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Уйчи қишлоғида яшовчи Аҳмаджон ота Мамадалиев хонадонидаги маросим эсда қоларли бўлди. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров отахонни байрам билан самимий табриклаб, улар кўрсатган жасоратни халқимиз асло унутмаслигини, яна кўп йиллар роҳат-фароғатда яшашликларини тилади. Шундан сўнг Аҳмаджон отага икки миллион сўм пул мукофоти ҳамда имтиёзли равишда харид қилинган «Дамас» автомобилининг калитини топширди.
Шу қишлоқда яшовчи тўқсон икки ёшни қаршилаган Жакбарали ота Юсупов ҳам Иккинчи жаҳон уруши суронли даврининг иштирокчиси. Байрам арафасида отахоннинг қалби қувончга тўлди. Уларга Президентимизнинг байрам Табриги ва совғаси тантанали равишда топширилди. Шунингдек, отахон Юртбошимизнинг яна бир совғаси – Уйчи шаҳарчаси марказида жойлашган, барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган 98 миллион сўмлик икки хонали хонадон калитини вилоятимиз раҳбаридан қабул қилиб олди.
Туманимиздаги етти нафар уруш қатнашчиси ҳурмат ва эҳтиром билан эъзозланяпти. Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг байрам Табриклари ва совғаларини топшириш маросимлари катта шодиёнага айланиб кетмоқда. Айём арафасида кексаларимизнинг хонадонларида деярли ҳар куни байрам, шоду хуррамлик. Жамоат ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, фаол нуронийларимиз вакиллари фахрийлар хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг шодлигига шерик бўлишмоқда. Коллеж, мактаблар ўқувчилари, маданият ходимларининг бадиий чиқишлари отахонларга хуш кайфият бахш этяпти. Айниқса, Ғайрат педагогика ва Уйчи спорт коллежлари, 22, 28-мактаблар ўқувчиларининг бадиий дастурлари барчага манзур бўлди.
Ёркатайлик Юсуфжон Усмонов, Уйчи қишлоғида яшовчи Мадамин Абдуллаев, ровотлик Дедамирза Абдуллаев, Абдуқаҳҳор Эшматов, ғайратлик Исматилла Раҳматиллаевлар хонадонларидаги байрамолди тадбирлари ҳам ўзгача шукуҳда ўтди.
Тантанали маросимларда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳабибулло Маткаримов, Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими бошқаруви раиси Икромхон Нажмиддинов, туман ҳокими Абдуғани Турдиев, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоевлар қатнашдилар.
Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими, Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашининг табрикномаси ва байрам совғаларини топшириш маросимлари ҳам ғоятда кўтаринки руҳ ва уюшқоқликда ташкил қилинди.
Исмоил МАВЛОНОВ,
Ўзбекистон МК «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши туман ЎСТК бошлиғи.
Суратларда: тантанали маросимлардан лавҳалар.

