АТРОФ-МУҲИТ ОЗОДА БЎЛСИН

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 1996 йил 31 мартдаги қўшма буйруғи билан ҳар йили икки босқичда ўтказилаётган «Тоза ҳаво» ойлиги атмосфера ҳавосининг софлигини сақлашга қаратилган муҳим тадбирлардан биридир.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимининг 2017 йил 6 апрелдаги 121-Ф-сонли фармойишига асосан вилоятимизда шу йилнинг 10 апрелидан 10 майигача ойликнинг биринчи босқичи ўтказилмоқда. Мазкур фармойишга кўра, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, давлат санитария эпидемиология назорати маркази, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг вилоят бўлими билан ҳамкорликда қўмитада ўқув семинари ташкил этилди ҳамда бир ой давомида қилинадиган ишлар режаси тузиб олинди.
Автомобиллар, асосан, метан гази, дизель ва бензин ёнилғиси билан ишлаши барчамизга маълум бўлиб, ички ёнув двигателларидан маълум миқдорда углерод оксиди, углеводородлар, қўрғошинли органик бирикмалари атмосфера ҳавосига кўтарилади. Бунинг натижасида ушбу зарарли моддаларнинг миқдори ортиб, атмосферанинг хоссалари инсонлар орасида турли хилдаги касалликлар авж олишига сабаб бўлади.
Транспорт воситаларининг ишлаши натижасида ҳосил бўладиган зарарли моддалар миқдорини газоанализатор ва тутун миқдорини ўлчаш асбоблари ёрдамида текшириб бориш, талабга жавоб бермайдиган транспорт воситаларини созлаш ва шундан кейингина фойдаланишга чиқаришни ташкил этиш лозим.
«Тоза ҳаво» ойлиги доирасида ўтказилётган тадбирлар, рейд ва текширувларда айнан мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Илҳомжон СОДИҚОВ,
Шерзод УМРЗОҚОВ,
Акрамжон АБДУРАҲМОНОВ,
туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси давлат назоратчилари.