ДАВОМАТ ЎРГАНИЛДИ

«Пайшанба – жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни» муносабати билан тумандаги таълим муассасаларида учрашувлар, давомат тадбирлари уюштирилди. Шундай тадбирлардан бири Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди.
Туман ИИБ ВЕЎН ва ҲПГ инспекторлари Р.Тўйчибоев, У.Нишонов, И.Исоқов, «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши қошидаги «Камалак» ташкилоти раиси А.Азизовлар ушбу коллежда таълим-тарбия, давомат масалаларини атрофлича ўрганишди.
Тадбир жараёнида бир қатор муаммолар аниқланди. Жумладан, 1-босқич ЭҲМ оператори гуруҳига кирилганда ўқитувчи дарс жараёнида эмаслиги, ўрнига бошқа фандан дарс ўтилаётгани маълум бўлди. 28 ўқувчидан 5 нафари сабабсиз дарс қолдирган. 1-босқич 10-пайвандлаш гуруҳида эса 20 нафар ўқувчидан 11 нафари дарс жараёнида иштирок этяпти. Шунингдек, 35-тикувчилик, 3-товаршунослик, 3-энергетика гуруҳларида ҳам давомат қониқарсиз аҳволда.
Тадбирда инспекторлар томонидан ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши, пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳуқуқий билимини ошириши, қонунларни ҳурмат қилиши, турли иллатлар таъсирига тушиб қолмаслиги, 12 йиллик бепул мажбурий таълим, бу борада уларнинг бурч ва вазифалари хусусида кенг тушунчалар берилди.
Ҳасанбой ҚОСИМОВ,
вилоят прокуратураси бўлим прокурори.