ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ ТАРАҚҚИЁТ ДУШМАНИ
Диний экстремизм инсоният билан бирга ХХI асрга кириб келган энг хавфли ижтимоий иллатлардан биридир. У диний ранг-барангликни рад этиш билан мамлакат тараққиётининг муҳим тарихий омили бўлган фуқаролараро ҳамжиҳатликка раҳна солади. Ақидапарастлар нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказадилар, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш шакллардаги зўравонлик ва тажовузкорлик мафкурасини ёядилар.
Ўзбекистоннинг диний экстремизм ва терроризмга қарши халқаро майдонда олиб бораётган сиёсати минтақа ва умумбашарий даражада тинчлик, барқарорликни сақлаш, мамлакат суверенитети ривожланишининг бардавомлиги, халқнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган. Бугунги кунда БМТнинг диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишга доир ҳужжатлари мавжуд бўлиб, Ўзбекистон ушбу йўналишдаги барча конвенция ва протоколларни имзолаган ва изчил ижро этиб келмоқда. Диний экстремистик оқим вакиллари хорижда ишлаётган онги тўла шаклланмаган ёшларни даставвал ўзлари томонидан белгиланган давлатга ҳижрат, сўнг ўз ватанига қарши жиҳод уюштириш, агар шу йўлда ҳалок бўлса шаҳид мартабасига эришиб, тўғри жаннатга тушиши ҳақидаги сўзлар билан ўз домига тортади.
Глобал муаммо сифатида эътироф этиб келинаётган диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда фуқароларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш ва маънавиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда Биринчи Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асаридаги маънавиятни юксалтиришга асосий омил бўладиган воситалар ҳақида айтган фикрларини келтириш ўринлидир: «Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Аксинча, қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади».
Неъматжон ОБИДОВ,
28-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

