МАНГУЛИККА МУҲРЛАНГАН КУН
Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Эл оғирини енгил қилишга камарбаста бўлган аждодлар асло унут бўлмас. Юрт равнақи, тараққиётига ҳисса қўшган, ватанпарвар, фидойи фарзандлар ҳамиша ардоқда. Халқимизга хос бундай гўзал фазилатлар ёш авлоднинг аждодлар маънавий меросидан баҳраманд бўлиб, ибратли ҳаёт йўлидан намуна олиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир қутлуғ сана – Хотира ва Қадрлаш куни арафасида турибмиз. Дунёнинг кўпгина халқлари қатори биз ҳам ушбу кунни алоҳида эъзоз ва эҳтиром билан қаршилаймиз. Чунки фашизмдай қора иллатни ер юзидан супуриб ташлашда матонатли ва қаноатли ўзбек халқининг ҳам муносиб улуши бор.
Агар Иккинчи жаҳон урушидан азият чеккан ҳар бир хонадонга бирон-бир белги қўйиб чиқилса, ана шу белгидан бебаҳра қолган оилани топиш ўта мушкул бўларди. Балки шунинг учун ҳам мард ва жасур ота-оналаримиз, бобо-ю бувиларимиз қаршисида доимо таъзимдамиз.
Туманимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни олдидан бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони дастуриламал бўлди. Фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан 7 нафар уруш қатнашчиси 2 млн. сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Уларнинг ҳар бирига «GM O‘zbekiston» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларни навбатсиз харид қилиш бўйича имтиёзли сертификатлар топширилди. Туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ҳар бир Иккинчи жаҳон уруши иштирокчисининг хонадонига ташриф буюрдик. Уларга Президентимизнинг Табриги, вилоят ва туман ҳокимликларининг совғаларини топширдик. Бундан ташқари, ҳар бир уруш фахрийси хонадонини таъмирлаш учун ҳомийлар бириктирилди. Шу билан бирга, Ровот шаҳарчасидан Абдуқаҳҳор ота Эшматов хонадонини таъмирлаш учун 13,5 млн. сўм, Уйчи ҚФЙдан Жакбарали Юсуповга квартира олиб бериш учун 98 млн. сўм маблағ Республика «Нуроний» жамғармасидан ажратилди.
Туманимиздан 226 нафар фронт орти меҳнат фахрийси, 3 мингдан зиёд 70 ёшдан ўтган фахрий ҳолидан хабар олиш, уларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш учун маҳаллалар кесимида махсус ишчи гуруҳлари ташкил қилинган.
Ҳар бир ҳудудда эъзоз ва эҳти-ром, хотира тадбирлари уюшқоқликда ўтказиляпти. Ана шундай тадбирлардан бири Ўнҳаёт шаҳарчасида бўлди. Ушбу тадбир уруш йилларида Ўзбекистонга бош бўлган, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши президиумининг раиси лавозимида ишлаган ҳамюртимиз Абдували Мўминов хотирасига бағишланди.
Яқинлашиб келаётган ушбу кунда барча эзгу анъаналаримиз кундалик турмушимизда бажараётган амалларимизда, ўзаро мулоқотларимизда яна бир бор намоён бўлади. Халқимизга хос бўлган бундай фазилат бизни асло тарк этмасин.

