НОҚОНУНИЙ ЎҚИШХОНЛИК ТУГАТИЛДИ

Ҳар қандай эзгу ғояни нотўғри талқин этиш ва кишилар онгига сингдириш ўз ортидан тузатиб бўлмас фожиаларни келтириб чиқариши мумкин. Бу муқаддас динимиздаги энг эзгу таълимотларни ҳам ўз йўриғига буриб, шахсий манфаати йўлида фойдаланаётган ақидапарастларнинг қабиҳликларида исботини топиб улгурган.
Ёвузликка қарши курашнинг энг самарали услуби ҳали заҳарланиб улгурмаган кишилар онгини ушбу манфурликлар “оғуси” билан суғорилишидан сақлаш, олдини олишдан иборат.
Мамлакатимизда бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири фуқароларга диний таълимотдан сабоқ бериш тизимини тартибга солишдан иборат бўлди. Яъни махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш тақиқланди.
Афсуски, давлатимиз томонидан фуқароларимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган ушбу тартиб-қоидага риоя қилмай, ноқонуний ўқишхонликларни авж олдираётганлар орамизда учраб турибди.
Туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбирларининг бирида ёркатайлик Охунжон Муллажонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хонадонида ана шундай ўқишхонлик аниқланди. Беш-олти кишидан иборат гуруҳга “сабоқ” бериб келаётган наманганлик Ҳафизулло Омоновнинг ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйилди. Айбланувчи эса суднинг қора курсисига олиб келинди.
Тергов ва суриштирув жараёнларида Ҳ.Омонов иккинчи бор ана шу норасмий ишларга бош-қош бўлгани аниқланди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Суд судланувчи Ҳ.Омоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари миқдоридаги 2995500 сўм жарима жазоси тайинлади.
Нодирбек ҲАСАНБОЕВ,
туман прокурорининг катта ёрдамчиси.