ОБОД ТАЪЛИМ МАСКАНИ
10-мактаб – туманимиздаги намунали ва обод масканлардан. Бир неча йилдирки, ушбу мактаб республика миқёсида энг обод таълим муассасаси сифатида эътироф этилади.
-Ҳудудимиздаги экин майдонларини учта участкага бўлиб олганмиз, – дейди мактаб директори Шоира Нуриддинова. -Мен, ўқув-тарбия ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари участкадаги ободонлаштириш ишларини ташкиллаштиришга бевосита масъулмиз. Ободонлаштириш ишларини намунали ташкил этишда техник ходимларимиздан Умида Ҳайитова, Зарифа Ҳамидова, Марямхон Қодирова, Соҳиба Мўминова, Зоҳида Давронова, Гулсора Маматвалиева, Умида Шамсиддинова, Саодат Ориповалар жонбозлик кўрсатишмоқда.
Мактаб иссиқхонасида 10 туп лимон парваришланяпти. Икки йилдирки, ундан яхшигина даромад олинмоқда. Ҳозирда яна битта иссиқхона ташкил этиб, гуллар, помидор, бодринг кўчатларини етиштириш ва туманимиздаги мактаб ва муассасаларнинг эҳтиёжини қондириш режалаштирилган.
Бугун масканга ташриф буюрган кишининг баҳри дили очилади. Масканга кираверишга экилган коврим, салвия, шафрон, катарантус, вербиния каби турфа гуллар мактаб чиройига янада чирой қўшган.
Яқинда мактабда ободонлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича туман семинари ўтказилди. Унда қатнашган туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов бу маскандаги ибратли ишларни барча таълим муассасаларида ташкил этишни тавсия қилди.

