АСКИЯ ВА ҚЎШИҚ КЕЧАСИ
«Хотира ва Қадрлаш куни» арафасида Наманган вилоят телерадиокомпанияси томонидан туманимизда ташкил этилган «Аския ва қўшиқ кечаси» нуронийларга байрамона руҳ ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Маматхон ҳожи Асрабоевга қарашли сўлим мас-канда уюштирилган кечада қўшни Фарғона ва Андижондан ҳам меҳмонлар иштирок этди. Шу куни дастлаб ўтганлар ёдга олиниб, уларнинг руҳлари шод айланди.
-Бугунги кечада қишлоғимиз, маҳалламизнинг фахрийлари ҳам қатнашиб, қалблари қувончга тўлди, -дейди Ёркатай қишлоғидаги Гумбаз МФЙ раиси Ҳусниддин Валиев. -Улар тадбир ташкилотчиларига, хусусан, фаолларимиздан Маматхон Асрабоевга бундай маънавий-маърифий тадбир учун миннатдорчилик билдирдилар.
Фарғона вилоятининг Муҳиддин Дарвишев номидаги «Ҳангома» халқ кулги театри аскиячилари Баҳодир Шокиров, Мансур Охунов, Маҳмуджон Исмоилов, андижонлик Мамасиддиқ Алихонов, Муҳиддин Султонов, сўз устаси Абдураҳмон Сиддиқовларнинг ичакузди ҳангома ва аскиялари кулмаганни ҳам кулдирди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қиличбек Тожиев, таниқли хонандалар Ҳалимжон Жўраев, Акрамжон Усмонов, Ҳусанбой Раҳимов, Шерали Раҳмонов, Аъзамжон Болтабоевлар ижросидаги қўшиқлар кечани янада файзиёб этди.
Муҳаммад АЛИ.

