ДАРВОЗАДАГИ ЁЗУВ

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳақида

Мен урушни кўрганим йўқ,

Лек тортганман жабрини.

Тегмаса ҳам бир дайди ўқ,

Уруш сабаб дил яра.

Неча йилки кўп қийналиб,

Ичга ютдим дардимни.

Бут танамни турар эзиб,

Кемирувчи дард – зарра.

Ғафур Ғулом айтганидай,

Етим ўсмадим, бироқ

Юрак – магнит тасмасига,

Ёзиб олган у кунни.

Эсласам гар азобларни,

Вужудни босар титроқ.

Биз қутулдик сароблардан,

Улуғлайман бугунни.

Қишлоғимда юрган чоғим,

Кўп ёзувлар ўқийман.

Собиқ жангчи хонадони

Сочиб туради ёғду.

Доим омон бўлсин дейман,

Бу ҳовли соҳиблари.

Жасур, ғолиб одамларни,

Мадҳ этиб яшанг дейман.

Эслатар жанг, аламларни,

Дарвозадаги ёзув:

-Менинг нима гуноҳим бор,

Сочга эрта тушди оқ.

Беш йил юрдим юртимга зор,

Унутилмас у дамлар.

Ватан дея жангга кириб,

Қўрқув билмадим мутлақ.

Немис – фашистларни енгиб,

Қайтиб келдим, одамлар.

-Менинг нима гуноҳим бор,

Айрилдим бир кўзимдан.

Ўтса ҳамки неча баҳор,

Хотирамда у дамлар.

Ишонч билан яшадим мен,

Гуллар унди изимдан.

Ғалабанинг қўшиғини,

Айтиб келдим, одамлар.

-Менинг нима гуноҳим бор,

Келдим битта оёқда.

Мовий осмон бўлгандай тор,

Кўринарди у дамлар.

Очу наҳор қолиб қишда,

Оёқ қотган таёқдай.

Жангдан қўлтиқтаёқ билан

Етиб келдим, одамлар.

-Қолди қанча-қанча ўзбек,

Ёвнинг ўрмонларида.

Бир майизни қирққа бўлиб,

Еган эдик у дамлар.

-Мамлакатнинг ичкариси,

Жанггоҳдан бўлган баттар.

Емай-ичмай етимларнинг

Бошин силаган халқим.

Чимилдиқни кўролмасдан,

Бўлгуси келинчаклар,

Яна неча бегуноҳлар,..

Ўтиб кетди дунёдан,

Дейишга бордир ҳаққим.

Тан яраси битиб кетар,

Дил яраси битмагай.

Тағин қанча йиллар ўтар,

Унутилмас у дамлар.

Дарвозада тунукага,

Ёзилмасин ёзувлар.

Энди юртда тинчлик бўлсин,

Дуо қилинг, одамлар.

Абдумалик ЮСУПОВ