ДАФКУНДОЧИЛАР БЕЛЛАШУВИ

5-мактабда устоз Раҳматилла Комилов хотирасига бағишлаб дафкундо бўйича турнир ўтказилди. Мазкур турнирда нафақат Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларидан ҳам спортчилар қатнашдилар. Умумжамоа ҳисобида наманганлик спортчилар ғолибликка эришдилар. Бу муваффақиятда вилоят миллий дафкундо якка кураш ва жанг санъати тараққиёт маркази раиси, мураббий Замира Комилованинг ҳиссаси катта. Унинг шогирдларидан Асила Абдураҳимова, Баҳодир Бозорбоев, Райҳона Акрамжонова, Шаҳзода Кимсанова, Дилшода Ҳайитмирзаева фахрли биринчи, Шоҳида Тошмаматова иккинчи ўринларни қўлга киритдилар.

***

Билим масканимизда Мамажон Расулов, Абдумамат Расулов, Раҳматилла Комиловлар хотирасига бағишлаб шахмат, шашка, футбол, стол тенниси бўйича ҳам мусобақалар уюшқоқликда ташкил этилди. 8 май кунги «Унутмоқ осонмас сизларни» деб номланган маънавий-маърифий кеча йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Спортзалга безатилган саҳнада марҳум устозларнинг суратлари, махсус тайёрланган слайтда тасвирлар намойиш этилди. Ўқувчиларнинг шеърий чиқишлари барчани ўйга солди.

Мактабимиз директори Музаффар Мўминов, устозлардан Раҳимахон Расулова, Турсунбой Худойбердиев, Коммуна Тўрабоева, меҳмонлардан Зокиржон Расулов, туман маданият бўлими мудири Исроилжон Солиевларнинг дил изҳорлари, эзгу тилаклари жамоага куч-ғайрат, ёшларга шижоат бағишлади.

-Бизнинг давримизда 9 май ғалаба куни сифатидагина нишонланар эди, -дейди меҳнат фахрийси Раҳимжон Ғиёсов. -Бугунги хотирлаш ва қадрлаш кечасидан жуда катта маънавий озуқа олдим, ташкилотчиларга раҳмат.

Тадбирни тайёрлашда фан ўқитувчиларидан Лолахон Мамадалиева, Шоҳсанам Исломова, Муҳайё Худойбердиева, Шуҳратжон Усмонов, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази, мактаб кутубхонаси ходимларининг ўзаро ҳамкорлиги кечанинг юқори савияда ўтишига ёрдам берди.

Кеча сўнгида хотира турнирида ғолибликка эришган спортчиларга эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Марҳабо НУРИДДИНОВА,

5-мактаб директорининг ўринбосари,

Малика Шарипова,

шу мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.