КУЧЛИЛАР САРАЛАНДИ
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолди. «Хотира ва Қадрлаш куни» тадбирлари доирасида туманимизда ҳам Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
40-мактабда туман ҳокимлиги, «Маҳалла» ХЖФ туман бўлинмаси, туман маданият бўлими, «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши ва 1-БЎСМ ҳамкорлигида белбоғли кураш бўйича туман биринчилиги ўтказилди. Турнирнинг очилиш маросимида туман маданият бўлими мудири Исроил Солиев, фахрий полвонлар Сотиболди Насриддинов, Аҳмаджон Маллабоев, туман Кенгаши депутати Баҳромжон Мирзаевлар юртимизда қадимдан кураги ерга тегмаган полвонлар етишиб чиққанлиги, улар нафақат кураш майдонларида, балки ҳамиша халқи ва юрти ору ғурури, она-Ватани равнақи йўлида жонбозлик кўрсатганлиги, бу каби тадбирлар эса бугунги ёш полвонлар қалбида ҳам ана шундай ватанпарварлик ҳамда мардлик туйғуларини сингдиришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Мусобақада энг кучли полвонлар ўз вазн тоифаларида ғолиб чиқишди. Жумладан, ўғил болалар ўртасида А.Аҳмаджонов, М.Муҳаммаджонов, С.Холмирзаев, Ж.Неъматиллаев, А.Маматалиев, Х.Тўхтасинов, Ж.Неъматиллаев, А.Носиров, А.Абдураҳматов, Ж.Валиев, Д.Сотиболдиев, М.Аҳмаджонов, М.Ҳамидов, А.Аҳмаджоновлар шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдилар. Қизлар ўртасида эса М.Иброҳимова, З.Носирова, Г.Мирзамаҳмудоваларга тенг келадигани топилмади.
Мусобақа сўнгида туман ҳокимлигининг ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Акрамжон Абдуғаппаров, «Маҳалла» ХЖФ туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоевлар ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғаларини топширдилар.
Турнирни ташкил этишда мураббий Бахтиёр Турғунпўлатов жонбозлик кўрсатди.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

