КЎНГИЛХУШЛИКНИ ДЕБ…

Кейинги вақтларда битирув кечалари, сўнгги қўнғироқ, туғилган кунлар ўта дабдаба билан ўтказиляпти. Қимматбаҳо кийимлар, зебу зийнатлар, ҳашаматли ўтиришлару совға-саломлар. Буларнинг барчаси тенгдошларимизнинг орзу-истаги, ҳо-ю ҳавасларидир.

Бундай базмлар эса ўз-ўзидан бўлмайди, анчагина ҳаракат ва харажат талаб этади. Барчанинг шароити бир хил эмас. Айрим ёшларимиз бу хоҳиш йўлида ота-оналарига жабр қилиб, мушкул аҳволга солиб қўймоқдалар. Бир кунлик байрам, кўнгилхушликни деб биз учун қадрли ва азиз бўлган яқинларимизни қийнаб, қалбига озор етказиш тўғримикан? Ундан кўра борига шукр қилиб, ота-оналаримизнинг дуосини олиш, келажакда қайси касб эгаси бўлиш, Ватан тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшиш ҳақида бош қотириш керак эмасми?

Мен ҳам бир битирувчи  сифатида тенгдошларимга айтмоқчиманки, бизга берилган бебаҳо умр ва яқинлар қадрига етайлик. Ортиқча ўйин-кулгига кетган вақтни бесамар ўтказмай, ота-оналаримизга ёрдам берайлик. Зеро, бугундан бошланган эзгу қадамларимиз эртага ўз мевасини бериб, жамиятда ўрнимизни топишимизда даст-лабки қадам бўлсин.

Олдинда бизларни буюк келажак кутмоқда. Унутманг, унинг боқийлигида бизнинг ҳам ўрнимиз, хизматларимиз бўлиши лозим.

Муниса ТОЖИДДИНОВА,

36-мактабнинг 9-синф ўқувчиси.