МУСАФФО ОСМОН, КЕЛАЖАККА ИШОНЧ, БАХТЛИ ҲАЁТ УЧУН ТАШАККУР

Ровот шаҳарчасининг Ҳожиобод маҳалласида ҳар йили уюшмаган ёшлар ўртасида футбол бўйича хотира турнири ўтказиш анъанага айланган. 9 май – «Хотира ва Қадрлаш куни» муносабати билан мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда туманимиз қишлоқ хўжалиги, Ватанимиз равнақига ҳиссасини қўшган Абдупатто Шерматов, Ғуломжон Бойдедаев, Ғуломжон Абдураҳмоновлар хотирасига бағишлаб «Мусаффо осмон, келажакка ишонч, бахтли ҳаёт учун ташаккур» шоири остида бўлиб ўтган бу галги беллашувларда 1985-1998 йилларда туғилган ёшлардан иборат 16 та жамоа ўзаро куч синашди.

Тадбирда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси ўринбосари Абдимуталли Нажмиддиновлар юқорида номлари тилга олинган азиз ҳамюртларимизни хотирлаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилашди.

Қизғин ва муросасиз кечган ўйинлар натижасида «Навбаҳор» (1993 йилда туғилган ёшлар) жамоаси 1-, 2-БЎСМнинг «Бунёдкор» жамоаси 2-, «Истиқлол» жамоаси 3-ўринларни эгалладилар. Шунингдек, «Энг яхши ҳужумчи», «Энг яхши дарвозабон», «Энг яхши мураббий» номинациялари бўйича ғолиблар турнир ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирландилар.

Каримахон ҚОСИМОВА,

Ҳожиобод МФЙ раиси.