ОСИЁДА ЯНГИ РЕКОРД

30 апрель – 7 май кунлари мамлакатимизда чин маънода бокс байрам(шоу)и бўлди. Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бокс бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионати мезбонларнинг тўла устунлигида якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси 10 та олтин медаль имкониятидан 9 тасини қўлга киритиб, Осиёда янги рекорд қайд этди.

Булар: -Ҳасанбой Дўсматов (49 кг.), Жасур Латипов (52 кг.), Муроджон Аҳмадалиев (56 кг.), Элнур Абдураимов (60 кг.), Иқбол Холдоров (64 кг.), Шаҳрам Ғиёсов (69 кг.), Исроил Мадримов (75 кг.), Бектемир Мелиқўзиев (81 кг.), шунингдек, терма жамоамизнинг энг оғир вазндаги вакили Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Камишбек Конкабаевни енгди ва тўққизинчи олтинни нақд қилди. Осиё чемпионатида шу вақтгача ҳеч қайси терма жамоа 9 та олтинни қўлга киритмаганди. Шу кунгача Осиё чемпионатларида икки марта (1965 йил Сеулда, 1987 йил Қувайтда) Жанубий Корея терма жамоаси 8 тадан олтин медалга эга чиққанди. Ўзбекистон Осиё рекордини ўрнатган ҳолда Германиядаги жаҳон чемпионатига тўлиқ таркиб билан борадиган бўлди.

Турнирда вакилларимиздан кейинги ўринларни эгаллаган Қозоғистон 1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза билан иккинчи, Ҳиндистон, Мўғулистон терма жамоалари эса 2 тадан кумуш ва бронза медаллари билан учинчи ўринларни банд этишди.

Жаҳон чемпионати шу йилнинг 23 августидан 4 сентябрига қадар Гамбург шаҳрида бўлиб ўтади ва унда Ўзбекистон шарафини 10 нафар боксчи ҳимоя қилади (10 нафар боксчимиз орасидан фақатгина Санжар Турсунов чорак финалда енгилганди. Шунга қарамай, ўтиш учрашувида ғалаба қозонган С.Турсунов ҳам Германияда ўтадиган Жаҳон чемпионати чиптасига эга чиққан).

Ҳ.Дўстматов Осиё чемпионатида ўз вазн тоифасида иккинчи бор тенгсиз бўлди. Шунингдек, у турнирнинг энг яхши боксчиси сифатида тан олинди.

Аброр ТОШМАТОВ тайёрлади.