РАССОМНИНГ ШОҲ АСАРИ
…Мумбай саҳнаси. Томошабинлар лиқ тўла. Машҳур ҳинд киноактёр ва актрисалари ҳакамликда. Ўзбекистонлик Қаҳрамон Ғуломжонов ҳиндча қўшиқ куйлаганда ҳаяжон билан тинглаётган ҳакамлар Робиябону жўр бўлганда қалқиб кетди. Эрматовлар оиласи саҳнага чиқиб, Рустамжон ҳиндча хиргойи қилганда эса ҳакамлардан бири саҳнага югуриб чиқиб, уларни бағрига босди. Иккинчи марта бу ҳолат Қаҳрамон фортепьяно жўрлигида ҳинд кинофильмидан қўшиқ куйлаганда такрорланди. Ҳайратини, завқини яширолмаган ҳакам аъзоси Қаҳрамонни қайта-қайта меҳр билан бағрига босар, зал эса уларни олқишларди. 2016 йил Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ўтказилган «Дил Ҳаи Ҳиндустани» халқаро қўшиқлар кўрик-танловида Қаҳрамон Ғуломжонов «Олтин диск» соҳиби бўлди. Оилавий «Ҳавас» гуруҳининг бу юртга ташрифи ҳам муваффақиятли ва таассуротларга бой бўлди.
Ҳикоямиз қаҳрамони ўнҳаётлик юртдошимиз рассом, санъатшунослик фанлари номзоди, ҳозирда Ўзбекистон давлат консерваторияси «Мусиқали театр студияси»да саҳналаштирувчи рассом вазифасида меҳнат қилаётган Рустам Эрматовдир.
Бугунги кунда 70 ёшни қоралаб, кексалик гаштини сураётган 33 йиллик иш тажрибасига эга муаллима Раҳимахон ая турмуш ўртоғи, касби шифокор бўлган Ғуломжон ака (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) билан бахтли ва мазмунли умр кечиришди. Икки ўғил, икки қизни тарбиялаб, вояга етказишди.
…Раҳима ая иккинчи фарзандига ҳомиладор пайтида: «Ўғил кўрсам, рассом бўлади», -дея пинҳона орзулади. Исмини ҳам рассом сўзига оҳангдош қилиб «Рустам рассом» деб қўйди. Аллоҳ ато этган ўғилнинг ўйинчоқлари ҳам расм дафтар, бўёқ қалам, ўчирғич, пластилинлар бўлди. Унинг илк «ажи-бужи» расмлари онанинг кўнглига умид бағишлади. Бор меҳру муҳаббати билан фарзандига тарбия берди. «Алифбе»ни онасидан ўрганиб, тиришқоқлиги, қобилияти боис 6 ёшдаёқ мактабга қабул қилинди. Расм чизиш севимли машғулотига айланди. Ўғлининг ҳали расм деб аташ мумкин бўлмаган чизги-ларини онаизор уй деворларига ёпиштириб, кўргазмалар қилиб, ҳаммага мақтаниб, уни илҳомлантирарди. 4-синфдан Наманган шаҳ-ридаги санъат мактабига ўқишга қатнай бошлаган Рустамжон тез орада мактаб деворий газеталарининг ижодкорига айланди, онасига эса кўргазмали қуроллар тайёрлаб бериб, уни хурсанд этди. Фанларни яхши ўзлаштирди.
Отаси Ғуломжон аканинг қаттиққўллиги боис ҳар куни уйда ҳисобот топширилар, кундаликлар назоратдан ўтарди. 6-синфда математикадан «2» баҳо олган Рустамга ота қатъий талаб қўйди: «Менга иккичи рассом керакмас!» Талаб натижасида ёш рассом математика фанидан фан олимпиадасининг вилоят босқичигача чиқиб борди.
Наманган давлат педагогика институти бадиий графика бўлимига ўқишга кирди. Ўз устида тинимсиз изланди. Ўзига муносиб устозлар излади. У танлаган, топинган инсонлар устозлик қилишдан саркашлик қилдилар. Ота-онасининг моддий, маънавий кўмаги, рағбати ила Санкт-Петербургдаги санъат музейида дунёни лол қолдирган рассомлар ижодидан баҳраманд бўлди. Олам-олам таассурот ва ижодий режалар билан қайтди. Олдига қатъий мақсадлар қўйди: «Ҳар йили 40 тадан сурат чизаман!» Шундай қилди, 40 тадан сурат чизди, кўргазмалар ташкил қилди, альбомлар чиқарди. Ҳаракатлари, истеъдоди мутахассислар эътиборини тортди, аспиранту-рага қабул қилинди. Юлдуз Усмонова ижодига бағишланган «40 қўшиқ нафосати» ижодий кўргазмаси унга шуҳрат келтирди. «Фарғона водийси рассомлари ижодида композиция яратиш масалалари» мавзусида номзодлик ишини ҳимоя қилди.
Институтда ташкил этган кўргазмаларининг бирида Матлубахон билан танишди. Жилмайганда онасига ўхшаб кетадиган бу қиз билан дўстликлари муҳаббатга айланди, оила қуришди. Педагог-руҳшунос Матлубахон самимийлиги, соддалиги, оқила-ю пазандалиги боис ажойиб оила бекасига айланди.
Рустамжон ижод жараёнида ҳамиша мумтоз куй, қўшиқлар тинглар, баъзан бирор бир мусиқа асбобини чалишни билмаганидан афсусланарди. «Фарзандларимга мусиқа асбоблари чалишни ўргатаман», -деган чиройли ниятлар қиларди. Ўз оиласидаги тарбия, ота-она ибрати ёшларга йўлчи юлдуз бўлди. Матлубахон ҳам фарзанд тарбиясини ҳомиладорликдан бошлади. Мумтоз куйларни тинглаб, ширин орзулар қилди. Қаҳрамоннинг ўйинчоқлари ҳам чолғу асбоблари бўлди. 4 ёшида мусиқага беришди. Яратилган шароит, эътибор, ота-она кўмаги ва иқтидор, меҳнат натижасида Қаҳрамон илк муваффақиятларни қўлга кирита бошлади. 2012 йил Францияда ўтказилган халқаро танловда 1-ўринни эгаллади. 2013 йил 20 ёшида «Ниҳол» мукофоти совриндори бўлди. Ҳозирда Ўзбекистон давлат консерваторияси магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқда. Шаҳноза пианино, рассом-дизайнерликдан ташқари санъатшуносликка ҳам қизиқди. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси. Достонбек ва Робиябону Глиер номидаги мусиқа академик лицейида ўқишади. Скрипка йўналишида бир неча халқаро танловлар совриндорлари. Эрматовлар оиласи 2012 йил «Пойтахтнинг энг яхши оиласи» сифатида эътироф этилди.
Эрматовлар оиласи қўлга киритаётган ютуқлар сабабларига қизиқамиз. Худди Рустамжонга қўйилган талаб фарзандларига ҳам қўйилган: «Менга иккичи мусиқачи керакмас!» Фарзандлар компьютер саводхонлиги ва инглиз тили курсларида ҳам иштирок этишади. Инглиз тилида эркин сўзлаша оладилар.
Раҳимахон ая оилада отанинг ўрни, қадри буюклигини болаларига сингдирган бўлса, Матлубахон ҳам шундай. Отанинг қаттиққўллиги ва талабчанлиги ҳамда шахсий ибрати Эрматовлар учун фарзанд тарбиясида асосий мезон саналади.
-Ёшлигимизда тенг-тушларимиз билан тўй-тўйчиқларга боришга, кўчада ўйнашга, тўп тепишга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам бўлмаган, отамдан рухсат сўраш эса барибир бефойда эди, -эслайди Рустамжон.
Унинг фарзандлари ҳам белгиланган кун тартибига қатъий амал қилишади, мусиқа билан камида бир кунда 3 соат мустақил шуғулланиш, қўшимча дарслар, фанларни ўзлаштириш. Оиланинг барча аъзолари сув спорти билан шуғулланишади.
-Онангиздаги қайси хислатларни қадрлайсиз?
-Ҳалимлик, яъни онам умуман овозларини кўтарганларини эслолмайман, яна онам тилла тақинчоқларга асло қизиқмаганлар. Оиламизда ҳар бир сўмнинг ўрни, қадри бўлган. Акс ҳолда биз бугунги даражага эришармидик? «Қайнона билан келиннинг тупроғини бир жойдан олади», -дейишганидек, рафиқам ҳам умуман тақинчоқларга, жимжимадорликка, ҳашамга қизиқмайди, Бирор марта: «Адаси, фалон нарса олиб беринг» ёки «Уйимизни евроремонт қилайлик», -демаган. Фарзандларимиз келажаги учун уларга шароит яратиб беришга мендан-да кўпроқ қайғуради, уларни руҳлантира билади.
2008 йилда қариндошларга «Ҳаваскорлик хиргойилари», деб дисклар ёзиб бера бошлашди. 2010 йилда оиланинг шахсий репертуари пайдо бўлди. Қаҳрамоннинг чиройли овози бунга туртки бўлди. Устозларга ҳавас қилиб, «Ҳавас» деб ном қўйишди. Илк концерт фарзандлар теҳсил олган Чилонзордаги 15-мусиқа мактабида бўлди. Сўнг Глиер академик лицейида, Наманганда Рустамжон таҳсил олган санъат мактабида…
Рустамжон шеърлар ёзади, қаҳрамон мусиқа басталайди, Матлубахон саҳна безакларини, Шаҳноза либосларни танлайди, ижрода эса Қаҳрамон, Достон, Робияхон. Бир-бирларига руҳан ва маънан жипслашган «Ҳавас» гуруҳи бугунги кунда ҳамманинг ҳавасини келтирмоқда. Дастурлари элга манзур бўлиб бормоқда. Оиланинг ўз студияси ҳам бор.
-Ота-онангиз олдидаги фарзандлик бурчингизни қай даражада уддаладингиз?
-Ҳали ҳеч ким ота-онаси олдидаги қарзни уза олмаган ва узолмайди ҳам. Лекин халққа хизмат, эзгу ишлар, яхши фарзандлар тарбиялаш, яхшиликлар қилиш маълум маънода уларга жавобимиз бўлса керак. Ижодий режаларим кўп. Чизилажак суратлар, илмий ишни давом эттириш, ота-онамнинг биргаликдаги суратларини чизмоқчиман.
Рустамжон Эрматов билан телефон орқали суҳбатлар, унинг оила аъзолари, онажони Раҳима ая билан учрашув, оила альбоми билан танишиш, улар ҳақида ёзилган мақола, телекўрсатувлар, «Ҳавас» гуруҳи дастурларини томоша қилиш жараёнида Рустамжон улғайган оила билан бугун ўзи бошчилик қилаётган оила ўртасидаги мутаносиблик, қадрият, анъаналар, фарзанд тарбияси, рўзғор тутиш санъати, шахсий намуна, ота-она ибрати, эру хотин муҳаббати каби қатор фазилатлар ҳавасимни келтирди.
Ж.Сантаянинг «Оила табиатнинг шоҳ асарларидан биридир», -деган ажойиб фикри Эрматовлар оиласи ҳақида айтилгандек туюлди назаримда.
Юртимизда ана шундай шоҳ асарлар кўпайишини истаб, оиланинг барча аъзоларига ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.
Наима РАҲМОНОВА.

