ТАЪЛИМ БЕРИШДА ҲАМ ТАРТИБ БОР
Ҳар бир соҳада мутаносиблик тараққиётни таъминлайди. Хусусан, жамият ривожланишида ҳам. Бир тасаввур қилинг: ўқиш, ёзишни билганга бошланғич синфни топширилса, укол санчишни билган беморни даволаса, ғишт билан қоришманинг фарқига борган уй қураверса, пул санай олган савдогар бўлаверса, оқибати нима бўлади? Буни тасаввур қила олмаган киши ҳам бундай саволга: «Ҳамма нарсанинг оёғи осмондан бўлади-да»,- дея жавоб бериши турган гап.
Шу боис, ҳеч бир тизим ўзибўларчиликка ташлаб қўйилмаслиги, давлат ва жамият назоратидан четда қолмаслиги келгусида кутиладиган нохушликларга барҳам беради, уларнинг пайини қирқади.
Юртимизда эътиқод эркинлиги амалдаги қунунчиликларда етарлича муҳофаза қилинган. Ҳар ким ўзи истаган диннинг мазмун-моҳиятини пухта ўрганиши учун шарт-шароитлар етарли. Ўз навбатида, диндан таълим-тарбия бериш учун ҳам мавжуд тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиниши керак. Афсуски, давлатимиз томонидан фуқароларимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни менсимай, ноқонуний ўқишхонликларни авж олдираётганлар орамизда учраб турибди.
Наманганлик Довудхонҳожи Артуқхожақориев махсус диний таълимоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз сабоқ бериш қатъиян тақиқланишини яхши биларди. Чунки у муқаддам ана шундай қонунбузарлик оқибатида бошига тушган савдолар «мазаси»ни тотиб кўрганди. Бироқ ўзига тегишли хулоса чиқармаган Довудхонҳожи иккинчи бор ана шу йўлдан боришни ихтиёр этди.
Туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ташкил қилинган махсус рейд давомида шундай ноқонуний ўқишхонлик Ёркатай қишлоғи ҳудудида аниқланди. «Илму толиблар»нинг устози айнан Довудхонҳожи Артуқхожақориев бўлиб чиқди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Суд айбланувчи Д.Артуқхожақориевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топди. Унга энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари миқдоридаги 2995500 сўм жарима жазоси тайинланди.
Рустам ЗОКИРЖОНОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди девонхона мудири.

