ТУШЛАРИМГА КИРИБ ТУРИНГ…
(Падари бузрукворим Мамаджон Тошматовни хотирлаб)
Бойбуванинг қизи эдим бойгина,
Фарзандларнинг эркатойи, ойгина,
Энди тинмас кўз ёшларим, сойгина,
Мени йўқлаб келиб туринг, отажон,
Тушларимга кириб туринг, отажон.
Йўқ ақлу ҳуш, ҳеч унмайди йўлим-а,
Боғбонсиз уй, сўлиб борар гулим-а,
Оҳ соғиндим, бунча оғир ўлим-а,
Мени йўқлаб келиб туринг, отажон,
Тушларимга кириб туринг, отажон.
Ўтди кунлар, ўтди ойлар, ўтди йил,
Кўниколмас Сизсизликка ҳеч кўнгил,
Дийдорингиз излар ҳар ёна бу дил,
Мени йўқлаб келиб туринг, отажон,
Тушларимга кириб туринг, отажон.
Файзи йўқдай бугун ҳовли, боши ҳам,
Сиз эккан гул, дарахтларнинг барги нам,
Соғингандай, менингдайин улар ҳам,
Мени йўқлаб келиб туринг, отажон,
Тушларимга кириб туринг, отажон.
Бағрим бутун эди, не кам билмасдим,
Недир соғинч, не армон, ғам билмасдим,
Эҳ, билсайдим, ёнингиздан жилмасдим,
Мени йўқлаб келиб туринг, отажон,
Тушларимга кириб туринг, отажон.
Соғинчингиз ўртаб, тунлар бедорман,
Соғдирману паришонман, беморман,
Маҳшардаги дийдорга зор дийдорман,
Мени йўқлаб келиб туринг, отажон,
Тушларимга кириб туринг, отажон.
Элда азиз, мукаррамим, Паноҳим,
Даргоҳига чорлади-я Аллоҳим,
Қабрингиз гул, нурга тўлсин илоҳим,
Фақат йўқлаб келиб туринг, отажон,
Тушларимга кириб туринг, отажон.
Фотимахон ТОШМАТОВА.

