ХИЗМАТ СИФАТИ ЯХШИЛАНАДИ
Юртимизда оилалар ва маҳаллалар сони мунтазам кўпайиб, юзлаб янги тураржой мавзелари, аҳоли пунктлари барпо этилаётгани ва шаҳарларнинг кенгайиб бораётгани ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини тубдан яхшилаш борасида амалий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда. Бу чора-тадбирлар энергия ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялар асосида сув чиқариш ва канализация-тозалаш иншоотлари, сув ўтказгичлар, насос станциялари, тақсимлаш узеллари, водопровод ва канализация тармоқларини модернизация қилишга қаратилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарори ана шу муҳим вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ва у аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, 2017-2021 йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг барча ҳудудда сифатли ичимлик сувидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган.
Мазкур қарор билан дастур ва лойиҳалар тасдиқланди. Дастурни 2017-2021 йилларда молиялаштириш учун 4,8 триллион сўм, жумладан, давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 2,6 триллион сўм ёки 730,7 миллион доллар миқдоридаги маблағлари йўналтирилади.
Ушбу қарор шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалишига хизмат қилади.
Насимжон ҚАМБАРОВ,
туман Кенгаши депутати.

