ЭЪЗОЗ, ЭҲТИРОМ, ЭЪТИРОФ
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни. Бир неча йилдирки, ушбу кун мамлакатимизда ўзига хос тарзда нишонланиб келинмоқда. Бу йилги байрам тадбирлари бир неча кун аввал бошланиб, катта шодиёнага айланиб кетди. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига кўрсатилган эҳтиром ва ғамхўрликлар таҳсинга сазовор.
7 май куни байрам тадбирлари Уйчи қишлоғидаги «Мустақиллик боғи»да давом этди. Байрамона безанган боғда коллеж ва мактаб ўқувчилари фахрийларни гулдасталар билан қарши олишди.
Дастлаб туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат, нодавлат ташкилотлари вакиллари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлар мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Сўлим боғнинг шинамгина мажмуасида бир пиёла чой устида байрам тадбири давом этди. Туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев нуронийларни байрам билан самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдирди. Уруш ва меҳнат фахрийларидан Исматилла Раҳматиллаев, Холмирза Саидбоев, Эркинбой Аҳмедов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси
Тоҳиржон Исматиллаев эъзоз ва эҳтиром учун миннатдорчилик изҳор қилдилар.
Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ҳамда 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг бадиий чиқишлари, дилтортар куй-қўшиқлари барчага хушнудлик бағишлади.
Тадбир ниҳоясида юздан ортиқ нуронийга байрам совғалари топширилди.
Шу кунги тадбирда қатнашганлар туманимизда байрам кўтаринки руҳда ва эсда қоларли тарзда ташкил қилинганлигини алоҳида эътироф этдилар.
Муҳаммад АЛИ.

