ЯНГИ МЕТОДЛАРНИ ҚЎЛЛАБ…

Фаррух Турсунов 6-мактабнинг ёш, тажрибали инглиз тили фани ўқитувчиларидан. У юртимизнинг 42 нафар «Энг яхши чет тили фани ўқитувчиси» танловининг ғолибларидан бири сифатида январь-февраль ойиларида Шотландиянинг Глазго Каледония университетида малака ошириб келди.

Фаррух ишлаётган мактабда яқинда инглиз тили фани ўқитувчилари учун «Ўқувчиларнинг нутқий компетенциясини ривожлантириш» мавзусида вилоят ўқув-семинари бўлиб ўтди.

-Биз сафарда ўқувчиларга таълим беришнинг янги методларини ўргандик. Бугунги семинарда ана шу тажрибаларни бошқа ҳамкасблар билан ўртоқлашишни мақсад қилдим, -дейди Фаррух Турсунов.

Ушбу даргоҳда 7 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси фаолият олиб боради. Аҳамиятли жиҳати шундаки, 4 нафари тренер мақомига эга.

-Фаррух ўз билими, иқтидори, талабчанлиги, касбига фидойилиги билан жамоамизда ўз ўрнини топди, -дейди мактаб директори Маҳбуба Абдуллаева. -Ўқувчиларга бор билим ва маҳорати билан сабоқ бериб келмоқда.

Шу куни мактабнинг малакали чет тили фани ўқитувчилари вилоят ва тумандан ташриф буюрган педагогларга очиқ дарслар ташкил этиб, ўз тажрибаларини улар билан ўртоқлашдилар.

Аброр ТОШМАТОВ.