ЎЗБЕК ЎҒЛИ ЭДИМ
«Афғон» деб атаманг асло, биродар,
Туғилиб ўсганман Ўзбекистонда.
Маъносиз бу уруш бўлмаса агар,
Нима қилар эдим Афғонистонда?
Йигитлик бурчимни адо этгани
Йўл олдим дўстларим билан ёнма-ён.
Мақсад битта эди: сақлаш Ватанни,
Ўзбек ўғли эдим, эмасдим «афғон».
Ота-онам қолди, укаларим ҳам,
Мусофир бўлдим мен – бўлдим мусулмон.
Қоматни тик тутдим ва юрдим бардам,
Ўзбек ўғли эдим, жасур, мард инсон.
Оқ йўл тилаб қолди, кулиб қўшни қиз,
-«Мактуб ёзиб туринг,..» деди, «-Биз томон».
Сирли сўз бор эди, дилда билсангиз,
Ўзбек ўғли эдим – орзуси осмон.
Қишлоқ болалари – оддий йигитлар,
Жайхун дарёсидан ўтдик соғ-омон.
Бизга йўл кўрсатиб борди зобитлар,
Ўзбек ўғли эдим, эй Ўзбекистон.
Тўсатдан гумбирлаб қолди замбарак,
Зулматга айланди гўё кенг осмон.
Яшнаб турган гуллар бўлди чилпирак,
Ўзбек ўғли эдим, бўлажак боғбон.
Кимга керак ахир бемаъно уруш,
Ундан наф кўрдими, айтинг, Туркистон?
Йигитлик давримиз хаёл ёки туш,
Ўзбек ўғли эдим, тингланг, отажон.
Ўлим нималигин тотиб кўрдилар,
Ўқ теккан ўғилга бўлмади осон.
Ботирга ўлим йўқ асло дердилар,
Ўзбек ўғлим эдим, барчага аён.
Давлатали деган уйчилик йигит,
Ҳеч кимга ёмонлик қилмаган бир он,..
Уруш, уруш экан, бўлди ур-йиқит,
Ўзбек ўғли эдим, тилларда достон.
Уйлар тўрисида осиғлик турган,
Ризқу насибамиз – ўша кемтик нон.
Бир кам дунё ичра елиб югурган,
Ўзбек ўғли эдим, сурмадим даврон.
Алишер, Жўрахон ҳалок бўлганда,
Чидаб туролдими аҳли Ёрқўрғон?
Байрам бўлардику кириб келганда,
Ўзбек ўғли эдим, дерлар қаҳрамон.
«Хотира» -китоблар каммиди, айтинг,
Етмасми дунёда нола-ю фиғон?
Уруш истовчилар, тинчликка қайтинг,
Ўзбек ўғлидирман, бўлмасман «афғон».
Абдумалик ЮСУПОВ

