АЛДАЙМАН ДЕБ АЛДАНГАН АЁЛ
Осонгина топилган пулда барака бўлмайди. Пешона тери эвазига эришилган даромад эса, оз бўлса-да, кўпчиликнинг эҳтиёжини қондиришга, яхшилик ва савоб ишлар қилишга етади. Орамизда шундай фуқаролар борки, бирор касб ёки ҳунарнинг бошидан тутмаган.
Ана шундай фуқаролардан бири Жийдакапа қишлоғида яшовчи Шоира Нурматова(исм-шарифлар ўзгартирилган)дир.
У турмуш ўртоғининг яқин қариндоши Феруза Абдусаломованинг ишончига кириб, фирибгарлик жиноятини содир этди. Дастлаб, оз-оздан 400, 500 АҚШ долларини Ферузадан олиб, ўзаро келишув асосида қайтаради. Ниҳоят, нафс балоси ўз домига тортиб, яна 2000, сўнг 5000 АҚШ долларини қайтариш шарти билан олган Ш.Нурматова ушбу маблағларни ўз манфаати йўлида ишлатиб юборади.
Ўртадаги низони бартараф этиш мақсадида Шоира Ф.Абдусаломовани алдашда давом этади. Яъни, у турмуш ўртоғи Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйлар олди-сотдиси билан шуғулланаётгани, арзон нархда квартира олиб беришини айтиб, яна бир неча бор пул сўрайди. Охир-оқибат, жами 9200 АҚШ доллари ҳавога кулдек совурилиб кетганини англаб етган Ф.Абдусаломова туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади.
Ушбу фирибгарлик жинояти 2016 йилда содир бўлган. Айбланувчи Ш.Нурматова энди қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Ўйлаб қоласан киши, наҳотки ақлан ва жисмонан соғлом бўла туриб, Ш.Нурматова бирор бир ҳунарнинг бошини тутмаган бўлса, наҳот Ф.Абдусаломова шунча маблағини ҳеч иккиланмасдан фирибгарнинг қўлига қўшқўллаб топшириб қўйса?
ОАВда бир неча бор айнан шу мавзудаги жиноий ишлар хусусида хабарлар берилишига қарамай, ҳамюртларимиз орасида ҳушёрликни унутиб қўяётганлар топилмоқда. Давлатимиз томонидан аёлларимизга ҳам тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва бизнес билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар эшиги очиқ. Бундан унумли фойдаланган аёллар эса аллақачон ўз бизнесини йўлга қўйиб улгурди.
Бир сўз билан айтганда, босаётган ҳар бир қадамимизни қай манзилга йўналтириш ўзимизга боғлиқ. Жиноят кўчасини танлаганлар эса қонундан қочиб қутула олишмайди. Шуни асло унутманг.
Санжар АБДУЛЛАЕВ,
туман ИИБ бошлиғи, подполковник.

