КЕЛАЖАККА БУГУНДАН…
Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг битирувчи ўқувчиларидан бир гуруҳи марказимизда амалиёт ўташяпти. 15 май – «Халқаро оила куни» муносабати билан ёшлар ўртасида «Соғлом оила учун нималар зарур?» мавзусида давра суҳбати ўтказдик.
Уни марказимиз координатори Акмалжон Мамедов очди ва олиб борди. У ўз сўзида ёшларнинг ўсмирлик ва ёшлик давридаги хулқи, дунёқараши, тенгдошлари билан ўзаро муносабати, келгуси ҳаёти учун бугундан замин тайёрлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бугунги кунда давлат, ҳукумат миқёсидаги долзарб масала эканлиги тўғрисида гапириб ўтди. Соғлом оила-буюк келажак пойдевори бўлишини таъкидлаб, никоҳланувчи шахсларнинг соғлиғи, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларга ва эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларига эътибор бериш кераклиги, бундай никоҳлар оқибатида туғма ва ирсий касалликлар келиб чиқиши мумкинлиги, носоғлом фарзанд туғилиши хавфи юқори эканлигини билдирди.
Тиббиёт хулосалари бўйича оила қуриш учун энг қулай давр қизлар учун 20-24 ёш, йигитлар учун 24-26 ёш ва уларнинг орасидаги фарқ эса 3-6 ёшгача бўлгани маъқуллиги, шунда ёш оилалардан соғлом фарзандлар дунёга келиши ҳақида тушунчалар берилди.
Бахтиёр ЖЎРАЕВ,
«Камолот» ЁИҲ туман кенгаши қошидаги «Ёшлар ижтимоий хизматлари маркази» мутахассиси.

