ТЎҚҚИЗ КАРРА ЧЕМПИОН ДИЛШОДА
Уйчи шаҳарчасининг Боғ маҳалласида туғилиб ўсган Дилшода Бозорбоева ўн уч йилдирки, спортнинг қўл жанги тури билан шуғулланади. У спортнинг бу турига болалигидан, яъни 23-мактабда ўқиб юрган кезларидан қизиққан.
-Ота-онамнинг кўмаги ва хайрихоҳлиги билан 9 ёшимдан устозим, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари «Қўл жанги» федерациясининг ижрочи директори Расулжон Жўраев раҳбарлигида машғулотларга қатнашаман, -дей-ди Дилшода. -Гуруҳдаги спортчилар, машғулотларнинг ўзига хос ва рангбаранглиги мени бутунлай ром этди ва спортнинг ушбу тури билан астойдил шуғуллана бошладим. Мактаб, туман, вилоят, республика, кейинчалик халқаро миқёсдаги мусобақаларда қатнашдим. 2010 йили Қарши шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда 2-, 2012 йили Осиё очиқ чемпионатида 3-ўринларни, 2016 йили ёшлар ўртасида XV халқаро турнирда иштирок этиб, 1-ўринни эгалладим. Ҳозирга қадар тўққиз карра Ўзбекистон чемпиони бўлганман.
Яқинда Москва шаҳри мезбон-лик қилган қўл жанги бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам спортчимиз муваффақиятли қатнашди. 70 кг. вазнда баҳсларга киришган вилоят ИИБ «Динамо» ЖТСЖ тўгараги аъзоси Дилшода Бозорбоева бронза медалига сазовор бўлди. Шу йилнинг 12-14 май кунлари Бухоро шаҳрида қўл жанги бўйича 18 ёшдан катталар ўртасида ўтказилган Республика турнирида Дилшода 1-ўринни эгаллади.
Тинимсиз машқлар, ота-онаси ва устозининг унга бўлган ишончи юқо-ридагидек ютуқларни қўлга кирити-шига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, юртимизда, ҳатто қишлоқ жойларида ҳам ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар қаҳрамонимиз каби кўп-лаб ёшларнинг мана шундай ютуқларга эришишларига замин яратмоқда.
Дилшода ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Келажакда қўл жанги бўйича халқаро мусобақаларда, жаҳон чемпионатларида ғолиб чиқиб, юртимиз шуҳратини ошириш, шу билан бирга, ўзи ҳам малакали мураббий бўлиб, ёшларнинг соғлом ва баркамол вояга етишларига ҳисса қўшиш.
Ўзида мардлик, ирода ва чидам мужассам, қалбида эса шижоат, эртанги кунга умид туйғулари жўш ураётган Дилшодадай намунали хулқи, одоби, ташаббускорлиги билан тенгдошларига ибрат бўлаётган қизлар сафи кенгаяверсин.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

