ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДАГИ НИКОҲ…
Оила қонунчилигида ака-укалар, опа-сингиллар фарзандларининг оила қуриши тақиқланган. Зеро, ҳозирги замон генетикаси ютуғи ва хулосаларига кўра, бундай никоҳ номақбулдир. Агар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолларга риоя этиб оила қурилса, у мустаҳкам бўлади, келажак авлод баркамоллиги, қолаверса, халқимизнинг келажагини соғломлаштириш таъминланади.
Маълумотларга қараганда, Марказий Осиё мамлакатларида никоҳларнинг 20 фоизга яқини қон-қариндош оила ҳисобланади. Олимларнинг фикрича, ҳар 100 та ана шундай оиладан 60 тасида ирсий хасталик билан бола туғилиши кузатилади. Носоғлом бола туғилиши хавфи қон-қариндошлик қанча яқин бўлса, шунча кўп учрайди. Шу боис оилани кўра-била туриб носоғлом ёки мажруҳ бола туғилиши гирдобига ташлаш адолатдан эмас.
Яқин қариндошлар никоҳидан туғилган гўдакнинг тўрт мучаси ҳамиша бут бўлавермаслиги кўпчиликка маълум, шу ишни ихтиёр этгувчилар ҳамон топилишини қандай тушуниш мумкин?
Қариндошларнинг бир-бирига қуда бўлиши сабабларига келсак, улар турлича: оиланинг мол-мулкини бегонага қолдирмаслик, оға-инилар орасидаги яхши қизни қўлдан чиқармаслик ва камхаржлик туфайли қалин, сеп, тўй ва тўйдан кейинги турли маросимлардаги харажатларни қисқартириш мақсади ётади. Аммо бу сабаблар билан уларни оқлаб бўлмайди. Келажак авлоднинг саломатлигини гаровга қўйиш эвазига турмуш қуриш ножоиздир. Соғлом авлоднинг шаклланишида ушбу масалага эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳаёт ҳам, соғлиқ ҳам Аллоҳ томонидан инсонга берилган бебаҳо неъмат. Уни суиистеъмол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз нафақат бўлажак авлод тарбиясига, балки соғлигига ҳам бирдек масъулмиз.
Шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун, авваламбор, биз, катталар фарзандларимизни бу йўлдан қайтаришимиз зарур. Зеро, соғлом, фаровон, тинч ва тотув оила қуриш ўзимизга боғлиқдир.
Зумрат ҚОРАБОЕВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудири.

