ЎЗИНГИЗГА ИШОНИНГ
Ҳаёт – ўқилмаган китоб. Унда турли сир-синоат, машаққатли меҳнат ва кутилмаган имтиҳонлар бор. Инсон эса доимо бу йўлда турфа кўчаларга бош суқади, ўзига нажот излайди. Барчанинг ҳаётида эса оғир кунлар бўлиб туради. Ишлагинг келмайди, севимли кишингнинг ҳаракатлари ҳам ортиқча, барчаси алғов-далғовдек кўринади. Бундай ҳолларда нималарга аҳамият бериш керак?
Қийинчиликнинг илк белгилариданоқ енгилмаслик учун чуқур мулоҳаза билан иш тутиш, «Барчаси яхши бўлади», -дея ўзини ишонтириш ижобий натижага олиб келади. Одатда, ўзини бахтсиз ҳисоблайдиган кишилар муаммо юзага келиши биланоқ қўлларини бошининг орқасига қўйиб, ётиб олишади – бу эса, бир қарашда, жуда осон. Аслида ҳар бир «енгилиш» кўнгилда оғир мағлубият ҳиссини пайдо қилади.
Узоқ муддатли ўй-фикр бизга тинчлик бермайди. «Бошқача йўл тутганимда, балки ҳаммаси аъло бўлармиди?» -деган хаёлга борамиз.
Шу ўринда фойдали маслаҳатларимиз сизга асқотиши мумкин:
-яхши бир бадиий асар (китоб) ўқиш ёки спорт билан шуғулланиш керак. Чунки инсон ўзи билан ёлғиз қолган кезларда ўзини қийнаётган саволлар, муаммоларга аниқ жавоб ва ечим топиши осон кечади;
-аслида ҳеч ким сизнинг аҳволингизни баҳолашда ўзингизчалик аниқ ва тўғри хулоса чиқара олмайди. Тушкун вазиятларда шошмашошарлик билан бир қарорга келмаган маъқул. Ахир айтишади-ку: «Етти ўлчаб, бир кес», -деб.
Шундай экан, доимо кайфиятни юқори кўтарган ҳолда ҳаётга теран нигоҳ билан боқинг. Сиз барчасини уддалайсиз ва бунга ўзингизни ишонтиринг. Унутманг, ҳаммаси яхши бўлади.
Аброр ТОШМАТОВ тайёрлади.

