ҒАЙРАТДА ҚИШЛОҚ ОИЛАВИЙ ПОЛИКЛИНИКАСИ

Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муас-сасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғри-сида»ги ПҚ-2857-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси тизимида ҳам амалий ҳаракатлар боряпти. Жумладан, қишлоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириш жараёни якунланди. Мавжуд 17 та қишлоқ врачлик пунктининг юридик мақоми бекор қилиниб, улар негизида 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди. Қисқартирилмаган 4 та қишлоқ врачлик пункти ҳам туман тиббиёт бирлашмаси таркибида фаолият кўрсатадиган бўлди.

ТТБ тизимидаги 33-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси (ОП) аввалги Мевазор ва Ғайрат ҚВПлари негизида вужудга келган. У эндиликда ҳудудда яшовчи 16 минг аҳолига хизмат қилишга ихтисослаштирилди. Собиқ ҚВП биноси таъмирланиб, қишлоқ оилавий поликлиникаси мақоми доирасида иш олиб борилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Кўркам ва замонавий тусга кирган, атрофи ободонлаштирилиб, ҳовлиси гулларга бурканган, фуқароларга малакали хизмат кўрсатилиши учун белгиланган тартибда асбоб-ускуна, анжомлар билан жиҳозланган, тажрибали шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларига эга янги тиббиёт муассасаси бугунги кунда даволаш-профилактика ишларини янгича мезонлар асосида олиб бормоқда.

Яқинда бу маскан фаолияти бутун вилоятга намуна қилиб кўрсатилди. Қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолиятини шакллантириш масалаларига бағишлаб туман ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда кўргазмали семинар ташкилланди. Унга туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, янги ташкил этилган қишлоқ ОПларнинг мудирлари, катта ҳамширалари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича координаторлари, вилоят ДПМларнинг раҳбарлари, бошқарманинг бош мутахассислари таклиф этилдилар.

Анжуман давомида қишлоқ оилавий поликлиникалари қандай тузилма ва у қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб изланди. Тадбирни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Манзура Азизова очди ва олиб борди. Туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов, маҳалла фаоли Олимжон Мансуровлар мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолиги билан тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан мақсад «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилаш ва одамларнинг бу соҳа ишидан рози қилиш, энг муҳими, юртимиз соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада такомиллаштиришдан иборат эканлигини таъкидладилар.

Тадбир давомида қишлоқ ОПларни ташкил этишдан бошлаб биноларни безаш ва жиҳозлаш, жамоани шакллантириш, ҳужжат юритиш, стоматология хизмати ва дорихона ишини йўлга қўйиш ҳамда бошқа фаолиятлар амалий тарзда кўрсатилди.

-33-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида поликлиника хизматини қайдай йўлга қўйиш борасида мукаммал даражада иш ташкил этилибди, -дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 30-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Холида Халилова. -Хоналар намунавий тарзда жиҳозланган. Эшиклардаги ёзувлар ва бинолардаги пешлавҳалар, лаборатория, ультратовуш текшируви, тор доирадаги шифокорларнинг фаолияти ва бошқа соҳаларда ўрганса арзийдиган жиҳатлар кўп. Айниқса, кундузги шифохона, физиотерапия ва тиш даволаш хизматлари. Энг муҳими, тез тиббий ёрдам шохобчаси мазкур масканга жойлаштирилганлиги диққатга сазовор.

Янгилик шарофати билан одамларнинг узоғи яқин бўлганлиги – ҳақиқат. Энди олис қишлоқларда истиқомат қилувчилар тиббий кўрик ва маслаҳат олиш учун тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларга қатнаб юришмайди. Қолаверса, вилоят ва республика ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари вакилларининг ҳам қишлоқ оилавий поликлиникаларига келиб, фаолият юритишлари кўзда тутилмоқда. Қисқаси, ислоҳотлар самараси ўлароқ малакали тиббий хизмат одамларнинг яшаш жойларига яқинлаштирилди.

-Поликлиникамиз туну кун хизматга шай, -дейди 33-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Барнохон Сайфиддинова. -Эрталаб соат 8 дан 20 гача тиббий хизмат кўрсатилса, тунда тез ёрдам бўлими шифокорлари навбатчилик қилишади. Алоҳида дорихонага эгамиз. Янги муассасамизда 10 нафар врач ва 46 нафар ҳамшира ишлайди. Жарроҳ, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, умумий амалиёт шифокорлари, ультратовуш текшируви мутахассиси беморларни қабул қилишмоқда.

Дарҳақиқат, қишлоқ оилавий поликлиникасининг вужудга келиши мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш учун қилинаётган эзгу ишларнинг давоми бўлди, десак муболаға эмас. Дастлабки натижалар эса унинг афзалликларини яққол тасдиқламоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.