16 ЖУФТ ЁШНИНГ НИКОҲ ВА 28 НАФАР БОЛАЖОННИНГ СУННАТ ТЎЙЛАРИ
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида «Президент эътибори – мурувват тадбирларида» шиори остида мамлакатимиз бўйлаб никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилмоқда.
15 май куни Чортоқ туманидаги «Ором» тантаналар мажмуасида Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон, Учқўрғон туманларидан ўн олти жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи катта шодиёнага айланди.
Вилоят ҳокимлиги, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган меҳр-мурувват, инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этган тўй маросимида келин-куёвларнинг ота-оналари, яқинлари, нуронийлар, намунали оилалар вакиллари қатнашдилар.
Тантанада вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вакили Фарҳод Ханапияев, туманимиз ҳокими Абдуғани Турдиев, Чортоқ тумани ҳокими Ойбек Ҳайдаров ҳамда Учқўрғон, Янгиқўрғон туманларидан келган вакиллар Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган олийжаноб ғоя изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, айниқса, ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, оила қураётган ёшларга бахт ва омад тиладилар. Барча келин-куёвларга Президентимизнинг совғалари, никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар тантанали тарзда топширилди.
Туманимиздан оила қураётган ёшлар – Маҳлиё Мамажонова ҳамда Жаҳонгир Солиев (Жийдакапа қишлоғи), Зуҳра Абдуллажонова ҳамда Ҳамидулло Убайдуллаев, Малика Қуронова ҳамда Алимардон Жумабоев(Ғайрат қишлоғи)ларнинг оилалари кўрсатилган эътибордан беҳад мамнунликларини изҳор қилдилар.
Шу куни ишсиз келин-куёвларга туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ишга жойлашганлик ҳақидаги сертификатлар ҳам топширилди.
***
17 май куни туман марказидаги «Танҳо» тантаналар мажмуаси яна байрамона тус олди. Карнай-сурнай садолари, севимли эртак қаҳрамонлари барчани тўйга чорлади. Тўкин дастурхон атрофидан суннат тўйи ўтказилаётган 28 нафар болажон, уларнинг ота-оналари ва қариндошлари жой олдилар.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вакили Фарҳод Ханапияев, туманимиз ҳокими Абдуғани Турдиев, Республика “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев тўйболаларни ва йиғилганларни шодиёна билан табриклашди. Тўйболаларнинг ота-оналарига бир миллион сўмдан пул қўйилган омонат дафтачаси, Президент совғаси туҳфа қилинди.

Никоҳ ва суннат тўйларида «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Малика Эгамбердиева, Бекзод Баҳромов, таниқли хонанда Комилжон Неъматов, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

