МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ
Давлатимиз раҳбари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорларга кенг имконият, қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бироқ айрим мансабдор шахслар ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда қонунбузарликларга йўл қўйишяпти.
Яқинда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими фаолиятини ўрганиш давомида қуйидаги ҳолатлар маълум бўлди. Яъни мансабдор шахс Н.Раҳимова (исм-шарифи ўзгартирилган) тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлиги аниқланди. Жумладан, у Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сонли қарори билан тасдиқланган «Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсиясини ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги Низоми бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармасдан, тадбиркорлик субъектларига давлат хизмати кўрсатиш тартиби ва муддатларини бузган.
Н.Раҳимова туман ДСИ томонидан 2016 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 1 январига қадар юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи 546 нафар жисмоний шахс ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари тўғрисида тақдим этилган маълумотларни қабул қилиб олган бўлса-да, ушбу маълумотлар асосида тадбиркорларнинг 139 нафарига ҳисобга олиш карточкасини очмаган, 47 нафар тадбиркорга очилган ҳисобга олиш карточкаларига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги ёзувларни киритмаган, 440 нафар якка тартибдаги тадбиркор ва деҳқон хўжалиги аъзосига меҳнат дафтарчаларини юритмаган, 98 нафар тадбиркорлик субъектининг меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни киритмаган ва бу билан тадбиркорлар ҳуқуқларининг бузилишига сабабчи бўлган.
Ўтказилган текширувлар якунига кўра, Н.Раҳимова тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 2419-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, 546 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тиклаб берилди.
Қодирхон АСҚАРОВ,
туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.

