МУЗЕЙ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 апрелдаги «Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан вилоятимизда бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Наманган адабий гулшанининг ёрқин вакили, ХХ аср Миллий уйғониш даври ғарб тилларининг билим-дони, ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган Исҳоқхон тўра Жунайдуллахон тўра ўғли Ибрат яшаб ўтган Тўрақўрғон туманида адиб хотирасини абадийлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўлами таҳсинга сазовор. Айниқса, Тўрақўрғон марказида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари билан бирга дастлаб малакали мутахассислар томонидан зиёратгоҳ, музей ҳамда 240 ўринли хорижий тилларни ўрганишга ихтисослаштирилган махсус мактабни ўз ичига олган мажмуа барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди, мазкур лойиҳага асосан 2 гектарга яқин ҳудудда қурилиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Ушбу улкан объект қурилиши «Турон Мега строй» МЧЖ бунёдкорлари томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, XIX асрнинг охирларида бунёд этилган Ғойибназар Қози мадрасаси тарихий обида сифатида сақланиб қолиб, бу ерда Ибрат музейини ташкиллаштириш мақсадида қўшимча бинолар қурилишига киришилган.

