ОТАБЕК – ТУРНИР КАШФИЁТИ
Яқинда Наманган туманида бўлиб ўтган киокушинкай каратэ бўйича хотира турнири қизғин баҳсларга бой бўлди.
… 45 кг.гача вазн тоифаси. Чорак финал учрашуви. Кўпчилик ушбу баҳсни финал олдидан финал жанги дея эътироф қилди. Боиси ҳар икки рақиб ҳам финалчига хос маҳоратга эга эканини яхши билишарди. Гиламда ҳамюртимиз бирлашганлик Отабек Зокиров ҳамда қўшни туман вакили ўзаро тўқнашишди.
Вилоят очиқ турнири Отабек имкониятларини келгуси мусобақалар олдидан яна бир бор синовдан ўтказди.
… Биринчи бўлимдан кейин Отабек Зокиров икки балл олдинга ўтиб кетгани рақибни руҳий мувозанатдан чиқариб қўйди.
-Рақибнинг ҳужумга ўтиши тайин, -кўрсатма беради устози Қобулжон Охунов. -Саросимага тушма. Қарши ҳужум билан кутиб ол. Толиқиб қолма. Бўлим сўнгига қадар кучингни тақсимла.
Мураббий кўрсатмаларини тўлиқ бажарган ёш спортчи ўйин тизгинини қўлдан бермади. Кучли рақибини муносиб зарбалар билан кутиб олган Отабекнинг ҳар бир услуби томошабинлар олқиши, ҳайқириқлари билан қаршиланарди.
Учрашув ўта оғир кечди. Рақиб таслим этилди. Кўзланган мақсадга эришилди. Бундай оғир жанглардан кейин баҳсларга яна киришиш қийин бўлади. Отабек ҳам ушбу турнирда 3-ўрин билан чекланди. Шундай бўлса-да, умидли спортчимиз томонидан эгалланган яна бир марра бўлди ушбу мусобақа. У жуда катта тажриба тўплади. Бу кейинги фаолиятида, албатта, асқотади. Отабекнинг кейинги парвозлари юксак чўққиларни забт этишига барчамиз ишонч билдирамиз.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

