ЯРАШТИРИШ КОМИССИЯСИ – КАТТА КУЧ

Яраштириш комиссияси. Маҳаллаларда фаолият юритадиган бу комиссиялар нима мақсадда тузилган? Унинг таркибига кимлар киритилган? Комиссиялар фаолияти бугунги кун талаби даражасидами? Ажрашишга мойил бўлган ва ажрашиш арафасида турган ёш оила, аразлашиб қолган қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва яқинлар ўртасида ўзаро аҳиллик, бирдамлик, яқин муносабатларни қайта тиклашда бу комиссиялар яна қандай таъсир чораларини кўриши керак?

23 май куни туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида «Оила мустаҳкамлигини таъминлашда фуқаролар йиғинларининг ўрни ва роли» мавзусидаги кўргазмали семинар-йиғилишда айни шу ҳақда сўз борди. Уни туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов очди ва олиб борди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳилола Юсупова, туман ҳокимининг ўринбосари Насибахон Собирова, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоевлар мавзу юзасидан сўзга чиқдилар.

Ёркатай МФЙ фаоллари томонидан тайёрланган саҳна кўринишида арзимаган сабаб ва баҳоналар туфайли бузилиб кетаётган ёш оилалар тақдири, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик, профилактика инспекторларининг ўрни қандай бўлиши кераклиги акс эттирилди.

«Ёш оилаларнинг бузилишига асосий сабаб нима?» -деган саволга атрофлича тўхталинди. Оила қуришдан аввал тиббий кўрикни ҳаққоний ташкил этиш, ҳали қонуний ажрашмай туриб алиментга ариза ташлаш, уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш қонун-қоидаларининг бузилаётгани, шаръий никоҳ билан оила қуриш ҳолатлари учраётгани таъкидланди. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда нафақат мутасаддилар, балки барча бирдек курашиши зарур.

Тадбир сўнгида намунали, фаол МФЙ раислари, котиблари, маслаҳатчи ва профилактика инспекторларидан бир гуруҳи рағбатлантирилди.

***

Шу куни 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги боқичига қамраб олиш масаласига бағишланган йиғилиш ҳам бўлди.

Унда  вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими  бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қурбонали Холиқов сўзга чиқиб, туманимиз мактабларининг 9-синфини тамомлаётган 2883 нафар ўқувчини таълимнинг кейинги босқичига жалб этишда оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги борасида амалга ошириладиган муҳим вазифаларга тўхталди.  Маълумки, битирувчилардан 1700 нафари туманимиздаги касб-ҳунар коллежларида, 276 нафари академик лицей, 837 нафари бошқа туманларда, 70 нафари бошқа вилоятлардаги билим масканларида ўқиш истагини билдирган. Битирувчиларни асосан туманимиздаги коллежларга жалб этиш, академик лицей, юридик ва тиббиёт коллежларидаги йўналишлардан ташқари жуда кўп мутахассисликлар бўйича туманимизда ҳам таълим олиш мумкинлигини барча ота-оналарга, ёшларга тушунтириш лозимлиги таъкидланди.

Дилмурод ҚАМБАРОВ,

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш  органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари.