БАХТЛИ БОЛАЛИК ТАРАННУМИ
Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.
39-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Салима Худойбердиева ҳақида сўз кетганда, беихтиёр юқоридаги фикрлар ёдга келади. У 2008 йили НамДУнинг бошланғич таълим ва спорт тарбиявий йўналиши бўйича тамомлаб, 39-мактабда ўз меҳнат фаолиятини бошлаган. Ўтган давр мобайнида юзлаб кичкинтойларга ҳарф танитди, ўқишни, ёзишни ўргатди. Ана шу болажонларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматлари катта.
Яқинда муаллима раҳбарлигида 1-«Д» синф ўқувчилари томонидан 1 июнь – «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишлаб «Беғубор болалик» деб номланган тадбир бўлди. Унга ўқувчиларнинг ота-оналари, мактаб ўқувчилари таклиф қилинди. Кечада ўқувчилар томонидан беғубор болаликни тараннум қилувчи шеър, куй-қўшиқлар янгради. Рақслар ижро этилди. Эртак қаҳрамонлари ижросидаги саҳна кўринишлари эса йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, Абдураҳмон Тожиддинов, Руҳшона Умаржонова, Озодбек Абдураҳимов, Мадина Маматова сингари ўқувчиларнинг чиқишлари барчанинг эътиборини тортди.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

