ИСТЕЪМОЛЧИ ҲАҚ ЧИҚДИ
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да барча соҳаларда фуқароларнинг мурожаати, ҳақли эътирози атрофлича ўрганилиб, муаммолар бартараф этилмоқда. Шу йилнинг 22 апрель куни Ёрқўрғон ҚФЙ Тошлоқ МФЙда яшовчи фуқаро Анваржон Мирзаалиев «Артел» ташкилотига тегишли мини печни 2016 йил июнь ойида 3 йил кафолат муддати билан сотиб олган. Бироқ 2017 йил 18 апрель куни ойна қисми сифатсизлиги боис синиб кетганлиги, «Артел» ташкилотининг сервис хизматига мурожаат этганида 55000 сўм хизмат ҳақи талаб қилишганини билдирган. Ушбу мурожаат ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, шу йилнинг 25 апрель куни Ровот шаҳарчаси Янгиҳаёт МФЙда яшовчи фуқаро Шоира Раззоқова уйида паррандачилик ташкил этиш мақсадида банкдан кредит олиб, «Шерзод Исмоилов» МЧЖ раҳбари билан келишиб, 100 та товуқ олгани (келишувга кўра тухумлаётган бўлиши керак эди), аммо қари, тухумдан қолган, нимжон товуқларни ўтказгани, улар ҳар куни 5 тадан ўлавергани ҳақида мурожаат қилди.
Шоира Раззоқованинг хонадонига бориб ўрганилганда, у ҳақлиги маълум бўлди ва «Шерзод Исмоилов» МЧЖга товуқлар қайтарилди, кредитга олинган маблағ Шоиранинг ўз ҳисобига қайтаришга эришилди.
Юқоридаги ҳолат бўйича ҳар икки истеъмолчи ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ойдина АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг вилоят бирлашмаси туман жамияти ходими.

